Кончилар байрамни муносиб нишонладилар
Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” ўйингоҳида мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллигига бағишлаб катта байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов сўз олиб, барча юртдошларимизни қутлуғ сана билан қизғин муборакбод этди.

Шу кунларда юртимизда энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи кезмоқда. Ўзбекистон халқи ушбу шонли санани “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу ғоясига ҳамоҳанг кўтаринки кайфиятда қарши олмоқда. Кеча Янги Тошкентда бўлиб ўтган тантанали маросимда Давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилган ютуқлар Янги Ўзбекистон халқига чексиз мамнунлик бағишлади.
Навоий кон-металлургия комбинатининг кўпминг кишилик жамоаси ҳам бу улуғ айёмни улкан тайёргарлик билан муносиб тарзда нишонламоқда. Фидокорона меҳнат ортидан барча кўрсаткичлар ортиғи билан бажарилиб, кончилар энг улуғ, энг азиз байрамни ёруғ юз билан пешвоз олмоқда.
Комбинат жамоаси сўнгги ўн йиллик залворли йўллар ва зафарли йилларни сарҳисоб қилиб, янги марралар сари қадам қўймоқда. Биргина, 2017-2025 йилларда 25 та йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш эвазига ўтган йили олтин ишлаб чиқариш 2016 йилга нисбатан 35 фоизга ўсди. Натижада тоғ жинсларини қазиб олиш 3 бараварга, маъданни қайта ишлаш ҳажми 2 бараварга ошди. Қолаверса, ёшлар учун 18,8 мингта янги иш ўрни яратилди.


- Албатта, бу улкан масъулият, кеча-ю кундуз олиб борилаётган фидокорона меҳнатлар замирида, яъни, қазиб олинаётган ҳар бир тонна маъдан, ишлаб чиқарилаётган ҳар бир грамм олтин ва ишга туширилаётган янги қувватлар ортида юртимиз иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган эзгу ниятлар мужассам. Ютуқларга эришиш биз учун осон бўлгани йўқ. Лекин жамоамиз кучи, салоҳияти, қоракўзларимизнинг ватанпарварлиги ва касбига бўлган садоқати билан улкан маррани забт этишни уддаладик, - дейди “НКМК” АЖ Технологиялар бўйича директор Шуҳрат Норбадалов.
Дарҳақиқат, комбинат учун ер ости бойликларидан ҳам қимматли бойлик, бу – заҳматкаш инсонлари! Унинг бугунги тараққиёти икки куч - замонавий технология ва инсон меҳнати уйғунлигига таянади. Кеча Қизилқум бағрида бошланган улкан саноат йўли бугун янги босқичга қадам қўймоқда. Бу йўлнинг борар манзили эса аниқ - кучли саноат, технология тараққиёти, муносиб меҳнат ва фаровон ҳаёт!
Мана шундай эътирофлар билан соҳа фидойилари юртимиз тўйига муносиб совға ҳозирлади. Жанубий кон бошқармасида 400 ўринли маиший бино, Зарафшон қурилиш бошқармаси ишчилари учун 220 ўринли ётоқхона, Марказий кон бошқармасида Автотранспорт ўқув мажмуаси биноси, Гамма активлаштирилган лабораторияси биноси, Геология-қидирув экспедициясида Намуна-таҳлил лабораторияси ва бошқа кўплаб объектлар байрам арафасида ишга туширилди.


Тантаналарда, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов раҳбарлигидаги “Браво” оркестр жамоасининг Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарларида бўлиб ўтган концерт дастурлари соҳа заҳматкашлари, маҳаллий аҳоли вакиллари қалбига ўзгача мусиқий кайфият улашди.
Айни пайтда НКМК маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши ҳамкорлигида Навоий, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари, Маржонбулоқ шаҳарчаси каби кончи ва металлурглар масканлари, шунингдек, НКМКнинг Термиз, Нуробод, Тупроққалъа туманларида жойлашган бўлинмаларда байрам тантаналари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Юксак эътирофлар, байрам дастурхонлари, концерт дастурлари, мушакбозликлар ишчи-ходимларга байрамона кайфият улашмоқда.
- Бу йилги мустақиллик айёми олдинги йиллардан айрим жиҳатлари билан ажралиб туради. Чунки, 35 йиллик, бу – тарихий байрам. Бу - фидойи халқимиз кенг тантана қилишга арзигулик шодиёна. Янги Тошкентда давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган республика тадбирини ойнаи жаҳонда кўриб, шундай жаннатмакон юртда, тинч замонда яшаётган ҳар бир юртдошимизнинг кўнгли янада ифтихорга тўлди. Ушбу байрам мен учун қувончли келди. Муҳтарам Юртбошимиз Фармони билан “Шуҳрат” медалига сазовор бўлдим, - дейди “Зармитан" кони ишчиси, Рашид Абилов.



Тадбир иштирокчилари билан тўлган беш минг кишилик ўйингоҳда янграган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари, мушакбозлик барчага ўзгача завқ бағишлади.
Абдували Бўриев, ЎзА