Маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш кўлами ортмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон тумани Жевачи маҳалласи ҳудудида бир йил муқаддам фаолиятини бошлаган “Молочная радость” Ўзбекистон–Тожикистон қўшма корхонасида маҳсулот тури кенгайиб, ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда.
Умумий қиймати 5,2 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа асосида барпо этилган корхонада маҳаллий фермер хўжаликларидан келтирилаётган сут замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, сут, қаймоқ, сметана, қуюлтирилган сут, творог, айрон, мевали йогурт ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Фаолиятини 10 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришдан бошлаган корхонада бу кўрсаткич айни пайтда 22 тага етди. Хусусан, “Бомазза” бренди остидаги турли мева таъмли йогуртларга талаб юқори. Корхона маҳсулотлари водий вилоятларидаги савдо нуқталари билан бир қаторда пойтахт бозорларига ҳам етказиб берилмоқда.
Корхонада келгусида маҳсулот турини 50 тага етказиш, пишлоқ ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш ҳамда тайёр маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
[gallery-31076]
Айни пайтда корхонада 30 нафар маҳаллий ёш иш билан таъминланган. Янги ишлаб чиқариш тармоғи ишга туширилиши ҳисобига доимий иш ўринлари сонини 80 тага етказиш кўзда тутилмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА