Нукус туманида замонавий паррандачилик мажмуаси ишга тушди
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Қорақалпоғистоннинг бир қатор туманларини ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида вилоятлар билан биргаликда ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлаш борасида ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида бўлди.

Меҳмонлар дастлаб туман ҳудудидаги “Inter Agro broylerlar Nukus” замонавий паррандачилик мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов, Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев, Нукус тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги корхонанинг очилиши муносабати билан қутлади. Президентимизнинг ташаббуси билан юртимизда, шу билан бирга Оролбўйида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар бу борадаги чора-тадбирларга мустаҳкам асос бўлмоқда. Бу эса туманларга бириктирилган вилоятлардан тадбиркорларни жалб этиш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашда кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Таъкидлаш жоизки, асосан тухум етиштиришга ихтисослашган умумий 7 миллион АҚШ доллари асосида янгидан фойдаланишга топширилган корхонада 40 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозирги кунда бу ерда етиштирилган тухумлар қўшни вилоятлар ва хорижга экспорт қилинмоқда.
Тадбир иштирокчилари янги корхонада ишчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар “Aziya metall prof” корхонаси томонидан амалга оширилаётган металл профилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини кўрди. Шунингдек, “Shoxjaxon universal fuds” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган савдо марказида ҳам бўлдилар.

Меҳмонларнинг кейинги манзили тумандаги марказий кутубхона бўлди. Бу ерда китобхонлар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Шу билан бирга, туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасига Самарқанд вилояти ҳокимлиги номидан махсус тиббий асбоб-ускуналар топширилди. Амалга оширилган ишлар билан танишиш доирасида меҳмонлар туман ҳокимлигида ташкил этилган музейда ҳам бўлди.

Таъкидлаш жоизки, дўстлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликка асосланган бундай тадбирлар аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири