Норинда “Долзарб 90 кунлик” доирасида ёшлар учун яратилган имкониятлар ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирокидаги Ёшлар куни тадбирлари бу гал Норин туманида ташкил этилди.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги барча умумтаълим мактабларида ёзги таътил даврида “Долзарб 90 кунлик” дастури доирасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ўқувчиларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маданий-маърифий, спорт ва касбга йўналтириш тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.
[gallery-30229]
Хусусан, 4 та умумтаълим мактабида ташкил этилган кундузги оромгоҳларда 15 турдаги тадбирлар йўлга қўйилиб, уларга 600 нафар ўқувчи жалб этилган.
Ёшлар куни доирасида Учтепа маҳалласида жойлашган 42-умумтаълим мактабида “Долзарб 90 кунлик” дастури асосида амалга оширилаётган ишлар вилоят ҳокими томонидан ўрганилди.
Мазкур таълим муассасасида айни пайтда 200 нафардан зиёд ўғил-қиз маданият, адабиёт, тасвирий санъат, спорт ҳамда хорижий тил йўналишидаги тўгаракларга қатнашиб, ёзги таътилни мазмунли ўтказмоқда.
Вилоят раҳбари ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг келажак режалари ва орзу-интилишлари билан қизиқди. Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида изланиш олиб бораётган ёшларнинг янги лойиҳалари билан танишди. Бир қатор ютуқларга эришаётган иқтидорли ёшлар рағбатлантирилди.
Бундай тадбирлар ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол, билимли ва ватанпарвар бўлиб камол топиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА