Ноқонуний "Умра" хизматини таклиф қилган шахслар ушланди
Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида фаолият юритувчи авиакасса раҳбари гарчи "Умра" зиёратига юбориш ҳуқуқига эга бўлмасада, маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Саудия Арабистонига муборак сафарга жўнатиш эвазига 1150 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Гулистон туманида яшовчи, 1988 й.т. шахс 3 нафар фуқарони гўёки "Умра" зиёратини ташкил этиш ваколатига эга бўлган Тошкент шаҳридаги туристик фирма орқали Саудия Арабистонига эзгу амалларни адо этиш учун юбориш эвазига жами 3150 АҚШ доллари талаб қилган.
Лекин, мазкур шахс сўралган пул маблағи ҳисобидан олдиндан 3,5 млн сўм олган вақтида ДХХ, ИЖҚКД ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА