Сурхондарёда Ўқувчилар кенгашининг етти йўналиш бўйича координаторлари сайланди
Сурхондарё вилоятида мактаб ўқувчиларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва етакчилик қобилиятини ривожлантириш мақсадида Ўқувчилар кенгаши сайловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган сайловда ҳудудий саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар иштирок этди. Улар кенгашнинг еттита устувор йўналиши бўйича координаторлик ҳамда «Келажак лидери» номига ўз номзодларини илгари сурди.
Сайлов жараёнида номзодлар таълим, маданият, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект, экология, спорт, медиа ҳамда ижтимоий ташаббуслар йўналишларидаги лойиҳаларини тақдим этди. Ўқувчилар ўз ғоялари, уларни амалга ошириш имкониятлари ва келгусидаги режалари ҳақида сўз юритди.
Иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари, ташаббускорлиги, жамоа билан ишлаш қобилияти ҳамда илгари сурган таклифларининг амалий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳакамлар ҳайъати номзодларнинг тақдимотларини тинглаб, улар билан суҳбатлар ўтказди.
Сайловда барча иштирокчиларга ўз ғоя ва таклифларини эркин баён этиш учун тенг имконият яратилиб, баҳолаш ҳамда овоз бериш жараёнлари очиқ ва шаффоф ташкил этилди.
[gallery-32289]
Якуний натижаларга кўра, «Келажак лидери» этиб сайланган ўқувчи ҳамда еттита йўналиш бўйича сараланган координаторларга ишонч ёрлиқлари топширилди.
Мазкур ташаббус ўқувчиларнинг етакчилик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни жамоат ишларига кенг жалб этиш, тенгдошлари манфаатларини ифода этиш ҳамда илгари сураётган ғояларини амалий лойиҳаларга айлантиришга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА