Жиззахлик тадбиркорнинг ғайриоддий хўжалиги
Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги «Олтин водий» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Ойбек Қодиров ўз хонадонида туяқуш парваришлашни йўлга қўйган. Асосий иш фаолияти сув таъминоти соҳаси билан боғлиқ бўлган юртдошимиз бўш вақтидан унумли фойдаланиб, томорқасида қўшимча даромад манбаини яратишга интилмоқда.
Ойбек Қодиров авваллари йилқичилик, қуёнчилик ва сут йўналишидаги эчкичилик билан шуғулланиб кўрди. Изланишлар давомида тўплаган тажрибаси уни чорвачиликнинг ўзига хос йўналишларидан бири — туяқушчиликка қизиқтирди.
Тадбиркор ишни бошлашдан аввал Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги туяқуш боқувчи хўжаликларда бўлиб, ушбу қушларни парваришлаш, кўпайтириш ва сақлаш шароитларини ўрганди.
Орттирган тажрибаси асосида хонадонида махсус инкубатор ва жўжаларни алоҳида парваришлаш учун мўлжалланган хоналар ташкил этди. Шу тариқа туяқушчиликнинг ўзига хос жиҳатларини амалиётда ўзлаштириб, фаолиятини босқичма-босқич ривожлантира бошлади.
Туяқуш дунёдаги энг йирик қушлардан бири ҳисобланади. У уча олмаса-да, тез югуриши, бақувват оёқлари ва ташқи муҳитга мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Ушбу қушларни парваришлашда тўғри озиқлантириш, етарли ҳаракатланиш майдони ва тегишли ветеринария назорати муҳим аҳамиятга эга.
— Туяқушчиликнинг ўзига яраша сир-асрорлари бор, - дейди Ойбек Қодиров. — Бу қушлар турли иқлим шароитларига мослаша олади. Озуқаси асосан ўсимлик маҳсулотларидан иборат. Айниқса, жўжаларни парваришлашда уларнинг озиқланиши ва соғлом ривожланишига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Шу боис дастлаб тажрибали мутахассислар фаолиятини ўрганиб, кейин иш бошладим.
Туяқушчилик гўшт, тухум ва тери маҳсулотлари етиштириш имконияти билан ҳам аҳамиятли. Туяқуш гўшти озиқ-овқат маҳсулоти сифатида, тухуми истеъмол ва бошқа мақсадларда, териси эса чарм буюмлар тайёрлашда қўлланилади. Бу эса мазкур йўналишда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Айни пайтда Ойбек Қодиров 18 сотихли томорқасида 5 та туяқуш парваришламоқда. Бу ишда унга неваралари ҳам яқиндан кўмаклашади.
Тадбиркор фаолиятини кредит маблағларисиз, олинган даромадни хўжаликни ривожлантиришга қайта йўналтириш орқали кенгайтиришни мақсад қилган. Келгусида инкубация ҳажмини ошириш, туяқушлар сонини кўпайтириш ҳамда гўшт, тухум ва тери маҳсулотлари етиштириш йўналишларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
[gallery-32282]
Ойбек Қодировнинг бу борадаги изланишлари томорқадан самарали фойдаланиш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш имкониятларини намоён этмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА