Ноқонуний қурилиш қимматга тушди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда омборхона қурган фуқаронинг иншооти суд қарори асосида буздирилди.
Аниқланишича, фуқаро М.Р. ўз хонадонига туташ бўлган 87 квадрат метр ер майдонини ҳеч қандай ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларсиз эгаллаб, ушбу ҳудудда омборхона қурган. Ваколатли органлар томонидан қонунбузилиш ҳолати юзасидан тегишли тартибда судга мурожаат қилинган ва суд қарори билан ноқонуний қурилмани буздириш ҳамда ер майдонини дастлабки ҳолатига келтириш белгиланган.
Суд ҳужжати ижроси Мажбурий ижро бюросининг Ширин шаҳар бўлими давлат ижрочилари томонидан таъминланди. Ижро ҳаракатлари давомида жавобгарга қонунчиликда белгиланган муддатда суд қарорини ихтиёрий бажариш имконияти яратилган. Бироқ қарор ихтиёрий ижро этилмагани боис, мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, ноқонуний омборхона жавобгар ҳисобидан буздирилди ҳамда ер майдони бўшатилди.
— Қонунчиликка мувофиқ, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ёки улардан ҳуқуқий асосларсиз фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, суд қарори белгиланган муддатда ихтиёрий бажарилмаган тақдирда, жавобгар асосий талабдан ташқари ижро йиғимини ҳам тўлашига мажбур бўлади. Шу боис фуқаролар ҳар қандай қурилиш ишларини бошлашдан аввал ер участкасининг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириши, тегишли рухсатномаларни расмийлаштириши ва мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳат олиши мақсадга мувофиқ. Бу ортиқча сарсонгарчилик, вақт ва молиявий йўқотишларнинг олдини олади, — дейди Мажбурий ижро бюросининг Ширин шаҳар бўлими давлат ижрочиси Аҳрор Жалилов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири