Нукусда навбатдаги сессия бўлиб ўтди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, сектор ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев олиб борди.
Сессия кун тартибида дастлаб “Давлат ижтимоий суғуртаси ҳақида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Б.Сейтназаров маъруза қилди. Депутатлар мазкур Қонун лойиҳасини маъқуллади ва тегишли қарор қабул қилди.
[gallery-32046]
Кейинги масала “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси А.Атажанов сўзга чиқди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.
Сессияда шунингдек Бюджет даромадлари режасининг бажарилиши ва солиқ қарздорликларини камайтиришда амалга оширилган ишлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасига юборилган парламент сўрови натижаси тўғрисидаги, Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини жамоат транспорти билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирининг ҳисоботи тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросининг ҳудудларда бажарилиши юзасидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ҳисоботи тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, депутатлар Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисини сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Ушбу лавозимга Зарипова Гаухар Сарсенбаевна номзоди тавсия этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси 8-бандига ва “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 70-моддасига мувофиқ Гаухар Зарипова судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, шундан беш йил муддатга Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 18 минг 293 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди. Депутатлар ушбу масалалар юзасидан қарорлар қабул қилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.