Фотосуратларда муҳрланган жасорат
Пойтахтимиздаги Тошкент фотосуратлар уйида ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги ҳамда 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан фоторассом Абу Кенжаевнинг “Янги Ўзбекистон – Янги ички ишлар органлари” номли фотокўргазмаси очилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти вакиллари, соҳа фахрийлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг касбий маҳорати ва масъулиятини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ички ишлар органларининг кундалик фаолиятида, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва халқ осойишталигини асрашга қаратилган хизмат жараёнларида ўз ифодасини топмоқда.
Абу Кенжаев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Postda – На посту – At The Post” газетаси ва “Qalqon – Щит – Shield” журнали бирлашган таҳририяти фотомухбири, “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Кўргазмада фоторассомнинг ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига бағишланган юздан ортиқ ижодий иши намойиш этилмоқда.
Экспозициядан ўрин олган суратларда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш жараёнлари, мураккаб вазиятларда матонат ва жасорат кўрсатаётган ходимларнинг машаққатли ҳамда масъулиятли хизмати акс эттирилган.
Шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам фотосуратларда ўз ифодасини топган.
Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимлар хотирасига бағишланган фотосуратлар алоҳида аҳамият касб этади. Уларда юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва фуқаролар хавфсизлиги йўлида ўз ҳаётини фидо қилган, хизмат қасамёдига содиқ қолган мард инсонларнинг жасорати муҳрланган.
[gallery-32047]
Фоторассом Абу Кенжаевнинг ижодий ишларида ички ишлар органлари фаолиятининг турли қирралари, ходимларнинг касбий маҳорати, матонати ва инсонпарварлик фазилатлари бадиий нигоҳ орқали очиб берилган. Ҳар бир сурат ортида инсон тақдири, масъулиятли хизмат ва фидойилик мужассам.
Мазкур фотокўргазма томошабинларга ички ишлар органлари ходимларининг кундалик фаолияти, халқ тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги фидокорона меҳнати билан яқиндан танишиш имконини беради.
Фотокўргазма 21 октябрга қадар давом этади.
Камола Юсупова,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА