Ногиронлик пенсиясини тайинлаш тартиби соддалаштирилади
Сенат ялпи мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига пенсия тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов мамлакатимизда пенсия тайинлаш тартибини соддалаштириш, соҳани рақамлаштириш орқали ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Пенсия таъминоти тизимида давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қонундан ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада мустаҳкамлаш мақсади назарда тутилган.
Қонун билан фуқарога I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши муносабати билан ногиронлик пенсиясини проактив шаклда тайинлаш ҳамда пенсия тайинланганидан кейин камида бир йил иш стажига эга бўлса, ушбу пенсия турини ҳар икки йилда бир маротаба фуқаронинг мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби жорий этилмоқда.

Пенсиядан чегирма қилинганидан сўнг фуқарога тўланадиган пенсия миқдори энг кам истеъмол харажатлари миқдоридан кам бўлмаслиги белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун фуқароларга ногиронлик пенсиясини тайинлаш тартибини соддалаштириш ва уларга ушбу соҳада кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА