“Нигоҳ”: энг яхши 5 та лойиҳа саралаб олинди
Маданият вазирлиги биносида режиссёр, драматург, композитор ва рассомларни ягона ижодий майдонда бирлаштиришга қаратилган “Нигоҳ” ижодий лойиҳасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги тегишли қарори ижроси доирасида Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг қўшма қарори асосида амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 7–10 сентябрь кунлари Паркент ижод уйида ўтказилган лойиҳанинг навбатдаги учрашувида 50 дан ортиқ ижодкор 15 та янги ижодий лойиҳа билан иштирок этди.
Уч кун давомида иштирокчилар учун театршунослик, режиссура, саҳна нутқи, қўғирчоқ санъати ва замонавий технологияларни театр санъатига жорий этиш йўналишларида маҳорат дарслари, учрашувлар, кўргазмалар ҳамда ижодий лойиҳалар муҳокамалари ташкил этилди.
Тажрибали устоз ва мураббийлардан иборат 9 нафарлик баҳолаш комиссияси томонидан иштирокчиларнинг ишлари кўриб чиқилиб, энг яхши 5 та ижодий лойиҳа саралаб олинди. Булар:
“Широқ ҳақида афсона” — режиссёр Отабек Ёқубов, драматург Шаҳбоз Файзуллаев, рассом Исломхўжа Тўхтахўжаев, композитор Аяпберген Отегенов;
“Осмон зангори” — режиссёр Ғиёсиддин Мирзамаҳмудов, драматург Гўзалой Матёқубова, рассом Ихтиёр Ғоипов;
“Рангсиз гуллар” — режиссёр Шуҳрат Ибрагимов, драматург Достон Раҳматуллаев, рассом Сардор Отабоев;
“Вақтни тўхтатган бола” — режиссёр Фарҳод Мирзаев, драматург Мансурбек Рўзиев, рассом Шуҳрат Маҳмудов;
“Алла” — режиссёр Нодира Акрамова, драматург Нилуфар Каримова, рассом Ихтиёр Ғоипов.
Ғолиб жамоаларнинг ҳар бири Маданият вазирлиги томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баравари миқдорида моддий рағбатлантирилди.
Ғолибларга ваучерлар ҳамда ташаккурномалар Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев томонидан тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, “Нигоҳ” ижодий лойиҳасида фаол иштирок этган соҳа вакилларига Маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов томонидан вазирликнинг ташаккурномалари топширилди.
Тақдирлаш маросимида лойиҳанинг ҳамкор ташкилотлари — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари иштирок этди.
“Нигоҳ” ижодий лойиҳаси миллий театр санъатини янги ижодий ғоялар, замонавий ёндашувлар ва ижодий ҳамкорлик асосида ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА