Жиззах тоғлари ўзбекча номланмоқда
Географик ном харитадаги оддий ёзув эмас. У ҳудуднинг тарихи, табиати, халқ хотирасини ўзида мужассам этган ўзига хос атамадир. Шу боис тоғлар, довонлар, даралар ва чўққилар номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштиришни ҳам оддий ном ўзгариши сифатида баҳолаб бўлмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги 376-сон қарори билан мамлакатимиздаги айрим тоғ тизмалари, тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар ва ғорларнинг номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиб, айрим объектларга янги номлар берилди. Энг муҳими, қарор билан тасдиқланган номлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хариталар, иш юритиш ҳужжатлари ва хизмат ёзишмаларида қўлланиши белгилаб қўйилди.

Жиззах вилоятига оид рўйхатга назар ташласак, бу борадаги ишларнинг кўлами яққол намоён бўлади. Бахмал туманидаги Гульдравут тоғ тизмаси Гулдуровут, Каттатау Каттатоғ, Кызылтурук Қизилтўриқ шаклига келтирилган. Фориш туманидаги Балиқлитов Балиқлитоғ, Душак Қўшқоя, Койташ Қўйтош, Каратау Қоратов, Ханбандытаг эса Хонбандитоғ деб белгиланган.
Ғаллаорол туманидаги Акчагал тоғ тизмаси Оқчағал, Каракчитау Қароқчитоғ, Катармая Қатормоя, Марджан Маржонтoғ тарзида расмийлаштирилган. Жиззах шаҳри ҳудудидаги Етимтов тоғининг номи эса Етимтоғ шаклида белгиланган.
Зомин туманида ҳам бир қатор географик номлар давлат тили меъёрларига мувофиқлаштирилди. Жумладан, Кульсу тоғининг номи Кўлсув, Алмали тау Олмалитоғ, Куянтаг Қуёнтоғ, Туратау Тўратoғ, Туятау Туятоғ, Чакмакташ эса Чақмоқтош деб белгиланди.

Қарордаги ўзгаришлар тоғлар билангина чекланмайди. Жиззах вилоятидаги айрим довонлар ҳам расмий номга келтирилган. Айбадам — Ойбодом, Коштепа — Қўштепa, Куччисай — Қуччисой, Янгак — Ёнғоқли, Кабурган — Қобурғон, Кумбел — Қумбел тарзида белгиланган. Темир Капиг (Илонўтди) дараси эса Темирқапуғ номи билан рўйхатга киритилган.
Бу ўзгаришларнинг амалий аҳамияти ҳам салмоқли. Қарорга мувофиқ, тегишли ҳужжатлар, хариталар ва маълумотлар базалари янгиланади. Тоғ тизмалари, тоғлар, чўққилар, даралар ва довонларга ўрнатилган пешлавҳа ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувлар давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилмоқда.

Зеро, географик номнинг ягона ва аниқ шаклда қўлланиши фақат тил маданияти масаласи эмас. У хариталар, навигация, кадастр, туризм ва бошқа соҳаларда ахборотнинг бир хил талқин қилиниши учун ҳам муҳим. Бир номнинг турлича ёзилиши эса баъзан оддий тил хатосидан кўра каттароқ амалий ноаниқликларга сабаб бўлиши мумкин.
Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг 376-сон қарори Жиззахнинг тоғлари, даралари ва довонларига дахлдор номларни тартибга солиш билан бирга, давлат тилининг расмий макондаги аниқ ва бирхил қўлланишини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Харитадаги бир сўзнинг ўзгариши оддий тузатишдек кўриниши мумкин. Аммо унинг ортида ҳудуднинг номини тўғрилаш, тарихий-маданий хотирани асраш ва келажак авлодга аниқ географик мерос қолдиришдек катта масъулият мужассам.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири