Немис тили ўқитувчилари тажриба алмашмоқда
Пойтахтимизда немис тили ўқитувчиларининг XIX анжумани ўз ишини бошлади. Икки кун давом этадиган халқаро тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 230 нафардан зиёд немис тили ўқитувчиси иштирок этмоқда.
Анжуман педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, немис тилини ўқитишнинг замонавий усулларини оммалаштириш, таълим жараёнига илғор тажрибаларни жорий этиш ва ўзаро фикр алмашишга қаратилган.
Тадбир Германия, Швейцария ва Австрия элчихоналари, Гёте институти, Германиянинг хориждаги мактаблар бош бошқармаси (ZfA), Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) ҳамда Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Очилиш маросимида дипломатик ваколатхоналар, таълим соҳаси мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда немис тилини ўқитиш бўйича мутахассислар иштирок этди.
Анжуман дастуридан немис тилини чет тили сифатида ўқитишнинг долзарб масалаларига бағишланган семинарлар, маҳорат дарслари ва амалий машғулотлар ўрин олган. Уларда замонавий педагогик ёндашувлар, дарс жараёнида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, ўқувчиларнинг тил ўрганишга қизиқишини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар таълим жараёнида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашиб, ўзаро тажриба орттирмоқда. Немис тилидаги янги ўқув адабиётлари, методик қўлланмалар ва замонавий таълим ресурслари билан танишиш имконияти ҳам яратилган.
– Хорижий тилларни ўқитиш соҳасида ҳар йили янги услублар ва самарали ўқув материаллари пайдо бўлмоқда, - дейди Тошкент давлат аграр университети доценти, филология фанлари номзоди Гулзода Хидирова. – Шу боис ўқитувчилар ҳам ўз билим ва кўникмаларини мунтазам бойитиб бориши зарур. Бундай анжуманлар янги адабиётлар билан танишиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имконият яратади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, кейинги йилларда ёшлар ўртасида немис тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Хусусан, айрим талабаларнинг олий таълим муассасаларига B1 ва B2 даражадаги халқаро тил сертификатлари билан ўқишга кираётгани бунинг яққол далилидир.
– Бу ёшларда немис тилига қизиқиш мактаб давриданоқ шаклланаётганини кўрсатади, - дейди Гулзода Хидирова. – Университетимизда немис тилини ўқитиш A1 – бошланғич даражадан йўлга қўйилган. Талабалар алифбодан бошлаб, босқичма-босқич мулоқот кўникмаларини эгаллайди. Бунда уларнинг келгусида Германияда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки ушбу мамлакат олий таълим муассасаларида, жумладан, магистратура босқичида таҳсилни давом эттириши мумкинлиги ҳам инобатга олинади.
Дарҳақиқат, хорижий тилларни пухта эгаллаш ёшларнинг халқаро таълим ва меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтиради. Жумладан, немис тилини билиш Германия ва бошқа немис тилида сўзлашувчи мамлакатларда таҳсил олиш, касбий малака ошириш, илмий изланишлар олиб бориш ҳамда халқаро лойиҳаларда иштирок этишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32366]
Анжуман доирасида Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари уюшмаси (DLV) фаолияти, педагоглар ўртасидаги касбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатимизда немис тили таълимини янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Икки кунлик анжуман ўқитувчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини бойитиш, замонавий ўқитиш усулларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва немис тилида сўзлашувчи давлатлар ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Камола ЮСУПОВА,
Ўктам ҲАЙИТОВ (сурат), ЎзА