Нега миллий мадҳиялар жўр бўлиб куйланади: акустиками ёки психология?
Дунё мамлакатларининг миллий мадҳиялари ижросига эътибор қаратсак, бир қизиқ умумийликка дуч келамиз: уларнинг деярли барчаси хоҳ акапелла — чолғу асбобларисиз, хоҳ симфоник оркестр жўрлигида бўлсин, хор тарзида, жўр овозликда ижро этилади. Нега айнан шундай? Нима учун миллий мадҳиялар яккахон ижрочига эмас, балки кўпчиликнинг биргаликда куйлашига мўлжаллаб яратилади? Бунинг сабаби акустикадами ёки инсон психологиясида?
Аслида, миллий мадҳияни яккахон тарзида ижро этишни тақиқловчи умумий қоида йўқ. Бироқ миллат руҳи, миллий ғурур ва бирлик ифодаси бўлган мадҳияни жўр бўлиб куйлаш анъанаси инсонлар онгу шуурига шу қадар чуқур сингиб кетганки, унинг бошқа ижро шаклини тасаввур қилиш ҳам осон эмас.
Буни шунчаки мусиқий анъана ёки тасодифий ижро услуби деб бўлмайди. Миллий мадҳиялар маълум бадиий ва мусиқий талаблар асосида яратилади. Бастакорлар ва шоирлар, аксар ҳолларда, асарнинг илк концепциясиданоқ уни яккахон ижрочи эмас, балки кўпчилик биргаликда куйлашини назарда тутади. Чунки мадҳия фақат мусиқий асар эмас, у бутун бир миллатнинг овози, умумий тарихи ва ўзлигини ифода этувчи рамздир. Унинг матни ҳам ўзига хос талабларга жавоб бериши керак: сўзлар осон ёдда қолиши, оҳанг эса кенг жамоа томонидан куйлашга қулай бўлиши билан бирга, бошқа мамлакатлар мадҳияларидан фарқланиб турадиган даражада ўзига хос бўлиши лозим.
Франциянинг “La Marseillaise” (“Марсельеза”)си, Буюк Британиянинг “God Save the King” (“Худо қиролни асрасин”) мадҳияси, Хитойнинг “Кўнгиллилар юриши”, Россия давлат мадҳияси, шунингдек, бошқа қатор миллий мадҳиялар каби юртимиз мадҳияси ҳам жамоавий ижро анъанаси билан боғлиқ асарлар сирасига киради.
Бундан ташқари, мадҳиялар тарихан кўпинча очиқ ҳавода, катта майдонларда, оммавий тадбирлар ва тантаналарда ижро этилган. Бундай шароитда кўпчиликнинг биргаликда куйлаши нафақат овознинг кенг тарқалишига, балки умумий руҳий муҳитнинг шаклланишига ҳам хизмат қилган. Қизиғи шундаки, овозни кучайтириш технологиялари пайдо бўлиб, яккахон ижрочининг овозини минглаб одамларга етказиш имконияти яратилганидан кейин ҳам миллий мадҳияларнинг жамоавий ижро анъанаси ўзгармади.
Демак, масаланинг моҳияти фақат акустикада эмас. Бу ерда психологиянинг ўрни ҳам катта. Хор тарзида куйлаш инсонларда ҳамжиҳатлик туйғусини кучайтиради, уларни умумий мақсад ва ҳиссиёт атрофида бирлаштиради. Бир вақтнинг ўзида бир хил сўзларни айтаётган, бир оҳангни куйлаётган одамлар ўзларини катта бир жамоанинг ажралмас қисми сифатида ҳис қилади. Шу маънода, мадҳияни биргаликда куйлашнинг ўзи ҳам миллий бирликни намоён этувчи руҳий жараёндир.
Бу таъсирнинг кучини француз ватанпарварининг бир ибораси билан ҳам ифодаласак бўлади: “Марсельеза”ни тинглаш мени баррикада (панжарали тўсиқ) қуришни бошлашга ундайди”. Бу гап миллий мадҳиянинг инсон ҳиссиётлари ва жамоавий кайфиятига қанчалик кучли таъсир кўрсатиши мумкинлигини англатади.
Миллий мадҳияларга оид қизиқ фактлар
Миллий мадҳияларнинг тарихи фақат мусиқа ва шеъриятдан иборат эмас. Уларда халқларнинг тақдири, сиёсий ўзгаришлар, тарихий хотира мужассам. Дунё мадҳиялари орасида буни яққол кўрсатувчи бир қанча қизиқ фактлар мавжуд.
Сўзсиз ижро этиладиган мадҳиялар. Косово ва Сан-Марино давлат мадҳияларининг расмий сўзлари йўқ. Улар фақат мусиқа шаклида ижро этилади. Испаниянинг “La Marcha Real” (“Қироллик марши”) мадҳияси учун ҳам расмий матн тасдиқланмаган. Турли даврларда унга мослаштирилган норасмий матнлар таклиф қилинган бўлса-да, улар расмий мақомга эга эмас.
Икки мадҳия бир ўтмиш. Италия ва Польша давлат мадҳияларида бир-бирига ишора қилувчи тарихий мисралар мавжуд. Италия мадҳиясининг тарихий матнида Польша халқи, Польша мадҳиясида эса италян халқи тилга олинади. Бу ўзаро боғлиқлик икки халқнинг озодлик учун курашган ўтмиш хотиралари билан изоҳланади.
Қарийб ўн йил сўзсиз янграган мадҳия. Босния ва Герцеговина давлат мадҳияси — “Интермеццо” ҳам ўзига хос тарихга эга. Мамлакатдаги боснияликлар, серблар ва хорватлар учун бирдек мақбул бўладиган матнни келишиш қийин кечгани сабабли, мадҳия қарийб ўн йил давомида фақат мусиқа шаклида ижро этилган. Ниҳоят, 2009 йилда унинг расмий матни тасдиқланган.
Бир давлат мадҳиясида мужассам икки халқ овози. 1918 йилда Чехословакия давлати ташкил топгач, мамлакатдаги икки асосий халқ — чехлар ва словакларнинг миллий қўшиқлари битта давлат мадҳиясига бирлаштирилган. Чехословакия икки мустақил давлатга — Чехия ва Словакияга ажралгач, мадҳия матни икки қисмга бўлиниб, ҳар икки халқ ўзининг тарихий асарини алоҳида давлат рамзи сифатида сақлаб қолган.
Миллий мадҳияни жўр бўлиб куйлаш шунчаки мусиқий анъана эмас, балки халқнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва миллий ўзлигини намоён этувчи ўзига хос рамз ҳисобланади. Дунё мадҳияларининг турфа тарихи эса ҳар бир халқнинг орзу-интилишлари, қадриятлари ва тарихий хотирасида ўз аксини топади.
Зуҳра Мирзабоева,
ЎзА