Инсон руҳияти ва жамият тараққиёти меъмори
Моддият устун бўлган бугунги дунёда инсон руҳиятига мадад, ҳаётга ишонч бағишловчи ҳақиқий устозларнинг жамиятдаги ўрни қанчалик муҳим? Улар билимдан ташқари, қалбга қандай қувват бера олади?
Гарчанд бугунги инсонлар яшаш моҳиятини моддиятга асослаган бўлса-да, руҳият хазинасида ҳеч бир жавоҳирга сотилмайдиган муқаддас фазилатлар бор. Ана шундай фазилатлардан бири — кишилар кўнглини кўтариш. Баъзан бунинг учун биргина ширин сўз ҳам кифоя. “Нафс синган пайтда насиҳатга эмас, қайноқ қучоққа эҳтиёж сезади”, — дейилади муқаддас китобларда. Дарҳақиқат, киши бошига бир иш тушса ёки ўз қобиғидан чиқишга қийналса, қалби уйғоқ бир инсон кўмагига муҳтож бўлади. Шундай кезларда заррача эътибор ҳам инсонга улкан шижоат ва ишонч бағишлайди. Чин устозлик тожини кийганлар ана шундай кўнгил шифокорларидир. Устоз кишига фақат илм бериб, йўл-йўриқ кўрсатибгина қолмай, шогирдларнинг ҳаёт тарзига ҳам таъсир кўрсата олади.
Келажакни ёритиб турувчи чироқ — бу тарих дейилиши бежиз эмас. Тарихда бундай устоз-шогирд анъаналари талайгина. Хусусан, Ҳазрат Алишер Навоий фикримизнинг ёрқин ифодаси. Навоий ўзига қадар яшаган ва замондош устозларига ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлган. Бироқ Абдураҳмон Жомийга бўлган муҳаббати ўзгача эди. Ўз навбатида Жомий ҳам Навоийга чинакам маънавий ҳомий ва илҳом манбаи эди. Шунинг учун ҳам Навоий туркий тилда “Хамса” ёзишда устозидан энг кўп куч ва ишонч олади. Оқибатда Навоийнинг “Хамса”си Хамсазор боғнинг муаттар бир гулига айланади. Жомий форсийзабон шоир бўлса-да, ўз шогирдининг туркий гулдастасини ғоят юқори баҳолайди. “Туркий тилнинг тароватини туймоқчи бўлганлар Алишербекнинг “Хамса”сини ўқисин”, — дея таъкидлайди. Демак, Навоий етиштириш учун Жомийдек ёки Ойбек етишиб чиқиши учун Чўлпондек устозлар жамият учун ғоят муҳим.
Шу маънода юксак марралар кўзлаган миллат борки, дадил қадамлар соҳиби бўлган ёшлари ва фидокор устозларига таянади. Бугун илгари сурилаётган ташаббуслар ва эришилаётган натижаларни кўриб, шонли тарих нафасини туйгандек бўлади киши. Қолаверса, давлатимиз раҳбари дадил илгари сураётган Учинчи Ренессанс ғояси ҳам ҳақиқатнинг асл кўринишига айланиб бораётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.
Шу ўринда таъкидлашим керакки, каминанинг ҳаётида ҳам устозларнинг ўрни том маънода улкан. Мен ҳам бир қанча устозларимдан фақат фан илминигина эмас, балки ҳаёт дарсларини, инсонийлик ҳикматларини ҳам ўрганиб келмоқдаман. Айниқса, мен каби жисмоний имконияти чекланган кишилар синовлар олдида қанчалик сабрли бўлмасин, ёрқин келажак ва фаровон турмуш ҳақида берилиб орзу қила олмайдилар. Бир неча йил олдин менда ҳам айни аҳвол эди. Бироқ олий таълимдаги йўлим пойтахт билан туташгач, қарашларим аста-секин ўзгара бошлади. Устозлар меҳри, талаби ва эътибори жамиятда ўзимни керакли деб ҳис қила бошлашимга сабаб бўлди. Қолаверса, мамлакатимизда ногиронлар ҳаётига бўлган эътиборнинг янгича сиёсий аҳамият касб этгани ҳам ишонч гулханимни алангалатиб юборди десам, муболаға бўлмайди.
Аслида, устозлар ва уларнинг ҳаётимиздаги ўрнини ҳеч бир сўз билан тугал тасвирлаш имконсиз. Бироқ хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, агар чин устозлик мақомидаги муаллимлар сабоғини маёғимизга айлантирсак, жамиятимиз юксак, турмушимиз обод бўлади.
Шербек Исломов,
ЎзА