Назира Ас-Салом таваллудига бағишланган адабий анжуман
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби, таниқли шоира ва жамоат арбоби Назира Ас-Салом таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб, Назира Ас-Саломнинг замонавий ўзбек шеъриятидаги муносиб ўрни, унинг ижодида миллий руҳ, Ватанга муҳаббат, маънавий поклик ва инсон қадри каби юксак ғоялар чуқур бадиий ифода топганини таъкидлади.
— Адабиётга садоқат билан хизмат қилиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Назира Ас-Салом ана шундай фидойи ижодкорлардан. Унинг шеърларида ҳаёт ҳақиқати, она заминга муҳаббат ва инсон қалбининг энг нозик туйғулари самимият билан акс этади, — деди Сирожиддин Саййид.
Тадбир давомида Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Республика «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ва бошқалар шоиранинг адабий мероси, таржимонлик фаолияти ҳамда миллий адабиёт тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида фикр билдирди.
Адабиётшунос олимлар Назира Ас-Салом ижодини илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиб, унинг асарларида миллий ва умуминсоний ғоялар уйғунлиги, шеърий тафаккур, образлар тизими ва услубий ўзига хослик яққол намоён бўлишини қайд этди. Шунингдек, шоиранинг ижоди келгусида ҳам кўплаб илмий тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
[gallery-30560]
Анжуманда иштирок этган журналистлар Назира Ас-Салом билан боғлиқ самимий хотиралари ва ижодий мулоқотлари ҳақида сўзлаб, унинг нафақат шеъриятда, балки ҳаётда ҳам камтарлик, меҳр-мурувват ва инсонийлик фазилатларининг ёрқин намунаси эканини эътироф этди.
Тадбир давомида шоира ижодининг асосий мавзулари — Ватан, она тимсоли, муҳаббат, инсон шаъни, эзгулик ва маънавий покланиш ғоялари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Қайд этилганидек, Назира Ас-Салом шеърлари бугун ҳам китобхонларни эзгулик, меҳр-оқибат, Ватанни севиш ва инсон қадрини улуғлашга чорлаб келмоқда.
Юбилей муносабати билан ўтказилган мазкур адабий анжуман шоиранинг бой ижодий меросига билдирилган юксак эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлди. Унда айтилган фикрлар Назира Ас-Салом асарлари ва маънавий мероси келгуси авлодлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб қолишини яна бир бор тасдиқлади.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари