Наврўз сайёҳлар билан биргаликда ўзгача тарзда нишонланди
“Silk Road Samarkand” туристик марказида “Navro'z Regata” фестивали ўтказилди.
Самарқанд халқаро технология университети ва унинг ҳузуридаги Шимолий-шарқий энергетика университети (Хитой), “Silk Road Samarkand” туристик маркази ва “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда Ўзбекистон ва Хитой ҳунармандлари маҳсулотлари кўргазмаси, миллий таомлар, сумалак сайли, варраклар шоуси, ўзбек, хитой, корейс миллий халқ ўйинлари ва чой маросимлари ўтказилди.
Самарқанд шаҳри аҳолиси ва хорижлик сайёҳлар, Самарқанд халқаро технология университети талабалари ва профессор-ўқитувчилар Наврўзни ўзга миллатлар вакиллари билан биргаликда нишонлашди. Наврўзга хос анъана ва қадриятлар намойиш этилди.
Самарқандлик санъаткорлар ва университет ижодкор талабаларнинг ёрқин чиқишлари, рақс ҳамда театр томошалари тадбир қатнашчиларида қатта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, фестиваль доирасида Марказий Осиёда илк бор “Dragon Boat Regata” мусобақаси ўтказилди. Унда Хитойдан келтирилган “Аждарҳо” қайиқлари, байдарка, канноэ ва академик қайиқлар флотилиясининг юриши намойиш этилди. Профессионал спортчилар, академик эшкак эшиш ва каноеда сузиш бўйича Осиё чемпионлари ва совриндорлари ҳамда Самарқанд халқаро технология университети талабаларининг “Ирбис” спорт клуби аъзоларидан иборат экипажлар мажмуадаги сув ҳавзаси бўйлаб ҳаракатланди.
[gallery-16572]
Тадбир ташкилотчиларининг қайд этишича, “Navro'z Regata” фестивали Наврўз байрамини халқаро нишонлашнинг янги форматидир. Келгусида мазкур фестивални ҳар йили ташкил этиш ва унинг доирасида “Navro'z Regata Cup” халқаро мусобақаси ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари