Навоийда улкан пахта хирмони бунёд этилди
Жорий йилда Навоий вилоятида 818 нафар фермер хўжаликлари ҳамда 3 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 24,7 минг гектар майдонга чигит қадалиб, мавсумнинг ноқулай ва мураккаб келишига қарамасдан 128,7 тоннадан зиёд улкан пахта хирмони бунёд этилди.
Агротехника тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши, экиш давридан бошлаб вегетация даврида ресурс тежамкор технологиялар қўлланилиб, харажатлар миқдори камайтирилиши эвазига ўтган йилга нисбатан 17,1 минг тонна кўп ҳосил йиғиштириб олинди.
2026 йилда пахтачиликда ишлар илмий асосланган инновацион усуллари жорий қилиниб, 10,1 минг гектар майдонга чигит Хитой-Шинжон технологияси асосида қўшқатор усулда экилди.

Жорий йилда терим жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида вилоятга 60 дона юқори унумли пахта терим машиналари олиб келинди. Натижада 132 дона пахта терим машиналари ёрдамида жами 102,9 минг тонна пахта йиғиштириб олинди. Қолган 25,6 минг тонна ҳосил эса 23 минг нафар теримчи томонидан териб олинди.
Жорий йилда вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик 53 центнерга етказилди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 9,5 центнерга кўп деганидир.

Жумладан, Қизилтепа туманидаги “Янги Ҳасанча”, Кармана туманидаги “Кармана Азиз истиқболи”, “Аҳатхон Анваров”, “Олим Раҳмон”, Навбаҳор туманидаги “Яҳё бобо”, “Навоий кўҳи нур тараққиёти”, Хатирчи туманидаги “Улуғбек Ҳасанов”, “Сайфулла Самандар”, “Серқуёш дала” фермер хўжаликлари 80-95 центнергача ҳосил олишди.

Ҳозирги кунга қадар 818 нафар фермерларнинг 589 нафари режани ортиғи билан бажарди. Далаларда ҳали ҳосил мўл. Йиғим-терим ишлари эса давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири