Ишончли транспорт – кончиликдаги узлуксиз ҳаракат, барқарор натижа ва тараққиётнинг муҳим таянчидир
Жорий йилда Шимолий кон бошқармаси Автомобиль транспорт бошқармаси ташкил этилганига 63 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида мазкур соҳа замон билан ҳамнафас ривожланиб, ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мос равишда такомиллашди.
Бугун Шимолий кон бошқармаси тизимидаги автомобиль транспорти хизмати кенг кўламли жамоани бирлаштирган. Автомобиль транспорт бошқармаси, “Ауминзо-Амонтов” автомобиль транспорт бошқармаси, “Турбай” ва “Довгустов” транспорт цехларини ўз ичига олган тизимда жами 2 минг 727 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Айни пайтда бошқарма ихтиёрида 242 та автоағдаргич, 105 та йўл-қурилиш машинаси ва 52 та ёрдамчи автотранспорт воситаси мавжуд.

Замонавий тоғ-кон технологияларининг жорий этилиши, йирик инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ва транспорт паркининг янгиланиши иш жараёнларини юқори босқичга олиб чиқмоқда. 2024-2026 йилларда амалга оширилган модернизация ишлари доирасида бошқарманинг моддий-техник базаси сезиларли даражада мустаҳкамланди.
– Кончилик саноатида ҳар бир дақиқа, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир техника бирлиги катта аҳамиятга эга. Тоғ жинсларини қазиб олишдан тортиб, уларни белгиланган манзилга етказишгача бўлган мураккаб жараёнлар аниқ ҳисоб-китоб, пухта ташкилотчилик ва узлуксиз ҳаракатни талаб этади, – дейди бошқарма бошлиғи Санжар Тоғаев. – Модернизация жараёнида хорижнинг “KOMATSU” компаниясида ишлаб чиқарилган, 91 тонна юк кўтариш қувватига эга HD785-7R русумли 63 та автоағдаргич ҳамда “CATERPILLAR” компаниясининг йирик ҳажмли 4 та автоағдаргичи келтирилди. Уларнинг ишга жалб этилиши тоғ массаларини ташиш имкониятларини кенгайтириб, ишлаб чиқариш унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Транспорт хизмати фақат тоғ массаларини ташиш билан чекланмайди. Кон ички йўлларини қуриш ва таъмирлаш, ер ишларини бажариш, юклаш-тушириш жараёнларини таъминлаш ҳам бошқарма зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш мақсадида “Liebherr” русумли 2 та бульдозер, Хитойда ишлаб чиқарилган “XCMG” русумли 7 та ғилдиракли юклагич, “KOMATSU” русумли 2 та автогрейдер, 1 та ғилдиракли юклагич, 3 та гусеницали бульдозер ва “MANITOU” русумли юк кўтаргич олиб келинди. Янги техника воситалари иш унумдорлигини ошириш, техник носозликлар сабабли юзага келиши мумкин бўлган тўхталишларни камайтириш ва иш жараёнларини самарали ташкил этиш учун имконият яратмоқда.
2025 йилда Шимолий кон бошқармаси таркибига “Ауминзо-Амонтой” кони ва “Турбай” карьери қўшилиши натижасида хизмат кўрсатиладиган ишлаб чиқариш объектлари, тоғ массаларини ташиш йўналишлари ва транспорт ишлари ҳажми ортди. 2024 йилда тоғ массаларини ташиш ҳажми 74 миллион куб метрни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 143 миллион куб метрга етди.
Самарали ишлаб чиқариш учун янги техника харид қилишнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг доимий техник шайлигини таъминлаш, таъмирлаш ишларини тезкор ташкил этиш ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳам муҳим. Шу боис сўнгги беш йилда бошқармада янги хизмат кўрсатиш йўналишлари, устахоналар ва махсус участкалар ташкил этилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Марказий устахонада оғир агрегатларни кўтариш ва тушириш жараёнларини енгил ҳамда хавфсиз ташкил этиш учун 32 тонна юк кўтариш қувватига эга кўприкли кран ўрнатилди. Катта ўлчамли шиналарга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида замонавий TIP-TOP цехи ишга туширилди. Транспорт воситалари ва йўл-қурилиш техникаларидаги носозликларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш учун лаборатория биноси капитал таъмирланиб, замонавий спектрометр қурилмаси ўрнатилди.

– Янги маъмурий-эксплуатация биноси, инструментал омборхона ва мобил мой тарқатиш контейнери фойдаланишга топширилиши техникаларнинг хизмат кўрсатишини оширди, – бош муҳандис Меҳриддин Бўронов. – Аккумулятор цехи тўлиқ капитал таъмирланди, ходимлар учун замонавий ошхона барпо этилди, навбатчи чилангарларнинг кийиниш ва ювиниш хоналари янгиланди. Техник хизмат кўрсатиш, катта ўлчамли шиналарни ва ички ёнув двигателларини таъмирлаш цехларида замонавий талабларга мос қуйма пол қопламалари ётқизилди. Инфратузилмани ривожлантириш, ишчи-ходимларга қулай шарт-шароит яратиш келгусида ҳам давом этади. 2027 йилда ходимлар учун замонавий икки қаватли маъмурий бино ҳамда ҳайдовчилар учун кутиш зали қурилиши ва фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Янги ишлаб чиқариш майдонларининг ўзлаштирилиши ҳам бошқарма зиммасига қўшимча масъулият юкламоқда. 2026 йилдан бошлаб белгиланган лойиҳалар доирасида таркибида кумуш мавжуд бўлган маъданларни қазиб олиш ва ташиш ишларини ташкил этиш учун Оқжетпес, Нуқракон ва Қасманачи конларида ишлар бошланди. Бу объектларда режаларни бажариш, техникадан самарали фойдаланиш ва маъдан ташиш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Тежамкорлик бўйича белгиланган кўрсаткичлар ҳам бу йўналишдаги вазифалар кўламини намоён этади. 2026 йил учун 237,2 миллиард сўмлик тежамкорлик режаси белгиланган бўлса, 2027 йилда бу кўрсаткични 423,3 миллиард сўмга етказиш кўзда тутилган. Мазкур мақсадларга эришиш техник модернизация, иш жараёнларини мақбуллаштириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш билан узвий боғлиқ.

Бугунги натижалар замонавий техника, мустаҳкам инфратузилма, пухта ташкил этилган жараёнлар ва малакали ходимлар меҳнати уйғунлигида шаклланмоқда. Келгусида ҳам касбий маҳоратни ошириш, замонавий техника воситаларини бошқариш кўникмаларини ривожлантириш, меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя қилиш ва ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш устувор вазифа бўлиб қолади. Зеро, ишончли транспорт – кончиликдаги узлуксиз ҳаракат, барқарор натижа ва тараққиётнинг муҳим таянчидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири