Деҳқонободнинг серсув олмалари
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Чашмаимирон, Бошчорбоғ, Сарчашма каби қишлоқлар тоғлар бағрида, бетакрор табиат қўйнида жойлашган. Бу манзилларда аҳоли азалдан деҳқончилик, чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланиб келади. Айниқса, салқин тоғ ҳавоси ва зилол сувлардан баҳраманд бўлиб етиштириладиган олмаларнинг таъми ўзгача. Шу боис уларга харидорлар ҳам талайгина.
Авваллари хизмат сафари билан бу ҳудудларга келганимизда, туман марказидан 50-60 километр олисдаги қишлоқларга етиб боришнинг ўзи бир машаққат эди. Ўйдим-чуқур, абгор тоғ йўллари ҳаракатланишни қийинлаштирарди. Бу гал эса манзилга анча енгил етиб келдик. Қишлоқларга олиб борувчи йўлларнинг асфалтлангани, инфратузилмадаги ўзгаришлар кўзга ташланади. Олис ҳудудларда ҳам одамларнинг кундалик турмушини енгиллаштиришга қаратилган ишлар амалга оширилаётгани қувонарли.
Ниҳоят, фотомухбир билан Чашмаимирон қишлоғига етиб келдик. Дастлаб қишлоққа ном берган чашма сувидан қониб ичдик. Сўнг маҳалла раиси Баҳром Пардаев билан суҳбатлашдик. У ҳудуддаги ўзгаришлар, аҳоли турмушидаги янгиланишлар ҳақида ҳикоя қилар экан, маҳалланинг иқтисодий таянчи бўлган соҳаларга алоҳида тўхталди.
– Асосий драйвер йўналишларимиз чорвачилик, боғдорчилик ва деҳқончилик. Ерларимиз асосан лалми бўлгани учун арпа, буғдой, нўхат каби экинлар етиштирамиз. Боғдорчиликда эса олмаларимиз харидоргир. Нок ва ўрик ҳам яхши ҳосил беради, – дейди Баҳром Пардаев. – Кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида маҳалламиз инфратузилмаси сезиларли даражада ўзгарди. Одамларни узоқ йиллардан буён қийнаб келган айрим муаммоларга ечим топилмоқда.
[gallery-32116]
Маҳалла раисининг айтишича, давлат дастури асосида қишлоқ ичидан ўтувчи бир километр асосий йўл асфалтланган. Илгари маҳалла идораси бўлмаган бўлса, ҳозир янги бино қурилмоқда. Дарёдан ўтишда аҳолига хизмат қиладиган иккита кўприк капитал реконструкция қилинмоқда. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида иккита трансформатор ва 170 та янги электр устуни ўрнатилиб, ёпиқ электр линиялари тортилган. Ушбу ишлар учун жами қарийб 7 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Бу янгиланишлар қишлоқ аҳолиси учун нафақат қулайлик, балки тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Зеро, етиштирилган маҳсулотни бозорга етказиш, электр таъминотининг барқарорлиги ва йўлларнинг равонлиги қишлоқ хўжалиги самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Чашмаимиронда боғдорчиликнинг нақадар оммалашганини англаш учун кўчалар бўйлаб бироз юришнинг ўзи кифоя. Қайси хонадонга назар ташламанг, кўзга кўркам олмазорлар кўринади. Маҳаллада 3 минг 18 нафар аҳоли, 670 та оила ва 518 та хонадон борлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам бу ерда боғдорчилик аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Ана шундай хонадонлардан бири Сайфулло Одинаев оиласига тегишли. Давлат ташкилотида меҳнат қилиш билан бирга, у томорқасида мўъжазгина боғ барпо этган. Биз борган пайтда дарахтлардаги олмаларнинг асосий қисми териб олинган, йиғим-теримдан кейинги ишлар қизғин давом этаётган эди.
– 14 сотих ерда боғ ташкил қилганмиз. Унинг асосий қисмини олма дарахтлари эгаллайди. Голден ва Крипсон навларидан 60 туп дарахтимиз бор. Ҳар йили улардан 5-6 тонна ҳосил оламиз, – дейди Сайфулло аканинг ўғли Парвиз Жумаев. – Ҳозир ҳосилни йиғиб, саралаб, қутиларга жойлаяпмиз. Харидорларнинг ўзи келиб, шу ердан олиб кетади.
Бу ерда маҳсулот етиштириш билан бирга, уни саралаш ва харидорга тайёр ҳолда тақдим этишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Ҳосилнинг бевосита хонадоннинг ўзида сотилиши эса ортиқча оворагарчилик ва транспорт харажатларини камайтириш имконини беради.
Маҳалла раиси маълумотига кўра, ҳудуддаги хонадонларда олма етиштириш анча ривожланган. Маҳсулотнинг харидоргирлиги туфайли улгуржи савдогарлар ҳам қишлоқнинг ўзига келади. Бу эса боғбонларга етиштирган ҳосилини сотишда қўшимча қулайлик яратади.
Яна бир боғбон Нуриддин Одинаевнинг томорқасида ҳам 50 тупга яқин олма дарахти бор. Унинг фикрича, Чашмаимирон олмаларининг ўзига хос таъми, аввало, ҳудуднинг табиий шароити билан боғлиқ.
– Олмаларимизнинг харидоргирлиги чучук сув, салқин ҳаво ва унумдор тупроқ билан боғлиқ. Табиатнинг ўзи бизга шундай имконият берган. Лекин яхши ҳосил олиш учун фақат табиий шароитнинг ўзи етарли эмас. Дарахтларни ўз вақтида парваришлаш, тагини юмшатиш ва агротехник тадбирларни вақтида бажариш керак. Шундагина ҳосилдорлик яхши бўлади, – дейди боғбон.
Дарҳақиқат, табиий имкониятлардан самарали фойдаланиш, ерга меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиш қишлоқ хўжалигидаги муваффақиятнинг муҳим омилидир. Чашмаимирон боғбонлари ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тажриба ва кундалик меҳнат орқали ўз томорқаларидан барака топмоқда.
Тоғ бағридаги бу қишлоқда боғдорчилик оддий машғулот эмас, балки оила фаровонлигини таъминлаш, даромад манбаини кенгайтириш ва ер имкониятларини ишга солишнинг муҳим йўлига айланган. Равон йўллар, яхшиланаётган инфратузилма ва меҳнаткаш аҳоли ташаббуси эса бу имкониятларни янада кенгайтириш учун замин яратмоқда.
Чашмаимироннинг серсув олмаларида тоғнинг мусаффо ҳавоси, зилол суви ва боғбонларнинг машаққатли меҳнати мужассам. Уларнинг қадрини ошириш, маҳсулотни саралаш ва сақлаш имкониятларини кенгайтириш, бозорларга чиқишни янада осонлаштириш эса ҳудуд боғдорчилигини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари