“Навоийазот”да аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажми оширилади
Кимё саноатида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, уларни модернизация қилиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда “Ўзкимёсаноат” АЖда Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries” ҳамда “Mitsubishi Machinery” компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда “Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Учрашувда мавжуд қувватларни минимал модификация қилиш ва инвестиция харажатлари ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмини 15-20 фоизга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Лойиҳани техник жиҳатдан чуқур ўрганиш мақсадида томонлар ўртасида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Гуруҳ томонидан зарур техник ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, уларнинг натижалари асосида лойиҳанинг кейинги босқичлари белгилаб олинади.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик масалалари 9 сентябрь куни пойтахтимизда ўтказилган Япония-Ўзбекистон форуми доирасида ҳам муҳокама қилинган. Форум доирасида лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорликни тизимли ташкил этиш мақсадида “MOU” келишуви имзоланган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА