Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” компанияси ҳамда Ҳиндистоннинг етакчи тиббиёт муассасаларидан бири – “Apollo Hospitals – International” компанияси ўртасида тиббиёт соҳасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида онкология, кардиология ва қандли диабет касалликларини замонавий тиббий стандартлар асосида даволаш, юқори технологик операцияларни Ўзбекистонда амалга ошириш ҳамда халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий клиника ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Шунингдек, тиббиёт соҳасига илғор технологияларни жорий этиш, юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, тиббий хизмат сифати ва аҳолига кўрсатиладиган замонавий диагностика ҳамда даволаш имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.





***
Навоийда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 30 ёшдан юқори аҳоли ўртасида ўтказилаётган “Маҳалла лигаси” спорт мусобақаси бошланди.
Навоий олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Муртозаев, маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси вакиллари, нуронийлар, маҳаллалар фаоллари, мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мазкур мусобақалар маҳаллалардаги 30 ёшдан юқори бўлган аҳоли ўртасида спортнинг мини-футбол, волейбол, стол тенниси, стритбол, воркаут, шахмат-шашка турлари бўйича уч босқичда бўлиб ўтади.





***
Волейбол бўйича “Фавқулодда вазиятлар бошқармаси биринчилиги” мусобақаси бўлиб ўтди.
Шахсий таркиб орасида спортни ривожлантириш, юқори касбий малакага эга ва жисмонан бақувват ходимларни тайёрлаш мақсадида Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари шахсий таркиби ўртасида ўтказилган мусобақа қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.



Якунда 1-ўринни Конимех тумани ФВБ 4-КҚҚ жамоаси, 2-ўринни Хатирчи тумани ФВБ 13-КҚҚ жамоаси ва 3-ўринни Навоий шаҳар ФВБ 1-ҚҚ жамоаси эгаллади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири