Муҳим вазифалар белгилаб олинди
Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдаги йигирманчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида қатор масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг “Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи бўйича хулосаси”, “Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йил 1-чорак ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш” тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, депутатлар томонидан Андижон вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида сув таъминотини яхшилашга қаратилган дастур тасдиқланди.
Дастлабки лойиҳа қиймати 81,9 миллиард сўмни ташкил этган мазкур дастур доирасида Андижон туманидаги “Очопар” насос станциясини реконструкция қилиш, 13 та янги ҳовуз қуриш, 18 километрли янги қувур тортиш, шунингдек, туманнинг бошқа ҳудудларида ҳамда Асака, Марҳамат, Жалақудуқ, Хўжаобод туманларида сув таъминотини яхшилашга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.


Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 февралдаги “Андижон вилоятида “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси, шунингдек, вилоят ҳудудидаги эркин иқтисодий, кичик, ёшлар ва махсус саноат зоналарини ривожлантириш, уларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш якунларига оид масала ҳам кўриб чиқилди.
Президент қарорига асосан Андижон тумани А. Исмоилов массиви ҳудудидаги 218,2 гектар ер майдонида “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар эркин иқтисодий зона ҳудудининг 105,4 гектар қисмида умумий қиймати 530,5 миллион долларлик 21 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилди, уларда 3 минг 370 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Хусусан, ҳудудда 2024 йилда қиймати 302,4 миллион долларлик 9 та, 2025 йилда қиймати 168 миллион долларлик яна 9 та лойиҳа жойлаштирилган. 2025 йил давомида қиймати 43 миллион долларлик 4 та лойиҳа ишга туширилиб, 115 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ҳамда 300 та янги иш ўрни яратилган.


Жорий йилнинг 1-чорагида эса “ЧИНА БАОЛИ” МЧЖ томонидан қиймати 60 миллион долларлик алюмин профиллар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 80 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, сессияда вилоятда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув йўқотилишини камайтириш, ирригация объектларини таъмирлаш борасидаги ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари, уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Сессия давомида барча масалалар атрофлича таҳлил этилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинди, кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари