Навбатдаги конференция бўлиб ўтди
Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда туб ижобий ўзгаришларга замин ҳозирламоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар сиёсий партиялар олдига замонга мос вазифаларни қўймоқда.
Бу жараёнда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз фаолиятини такомиллаштириш, дастурий мақсадларини ҳозирги ислоҳотлар мазмунига мувофиқлаштириш ҳамда электорат билан ишлашнинг самарали механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Наманган шаҳридаги “Маърифат” масканида бўлиб ўтган ЎзЛиДеП Наманган вилояти партия ташкилотининг навбатдаги конференциясида айни шу хусусда сўз борди. Партия томонидан илгари сурилаётган янги сиёсий дастурни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Партия масъул ходимдари, электорат фаоллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги ушбу анжуманда ЎзЛиДеП вилоят кенгашининг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва келгусидаги устувор вазифалар хусусида батафсил ахборот берилди.

Нотиқ – партия Наманган вилояти кенгаши аппарат раҳбари Орифжон Маҳмудов тадбиркорлар ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли бандлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим эканлигини таъкидлади. Қолаверса, ёшлар, ишбилармон хотин-қизлар, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳамда таълим, тиббиёт соҳалари вакиллари билан мулоқотни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Вилоятдаги партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди. Аҳоли ва тадбиркорлар кўтарган муаммоларни тегишли ижро органларига етказиш, уларнинг ечими устидан депутатлик назоратини олиб бориш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Мазкур жараёнлар партиянинг ташкилий фаолиятини сарҳисоб қилиш, электорат билан муносабатларини қайта кўриб чиқиш ва келгуси сиёсий мақсадларини аниқ белгилаш учун муҳим имкониятдир. Зеро, бугун партия электоратининг таркиби ҳам кенгайиб бормоқда. Тадбиркорлар ва фермерлар билан бир қаторда, таълим, тиббиёт, спорт соҳаси вакиллари, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар, стартапчилар, малакали мутахассислар, ёшлар ва ишбилармон хотин-қизлар билан тизимли ишлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Қайд этиш даркор, 2024 йил 27 августда бўлиб ўтган ЎзЛиДеП Наманган вилояти кенгашининг биринчи конференциясидан сўнг, партия парламент ва маҳаллий Кенгашларга илк бор можаритар ва пропорционал тизим асосида кечган сайловларда муносиб қатнашди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига олтита депутатлик мандати, халқ депутатлари вилоят Кенгашида 21 та, шаҳар ва туман Кенгашларида 117 та депутатлик ўрни қўлга киритилиб, бу борада сиёсий партиялар орасида етакчилик мавқеи янада мустаҳкамланди.

Дарҳақиқат, бундай салмоқли натижалар ЎзЛиДеП ғоялари атрофида бирлашган кўп минг сонли партиядошларга янада катта ишонч ва масъулият юклади. Шу боис ҳам депутатлик гуруҳлари фаолияти давомида жамоатчилик эшитувлари, сайловчилар билан бевосита мулоқотга асосланган сайёр қабуллар сони ва сифати ўтган даврларга нисбатан бир мунча ошди. Жумладан, ҳисобот даврида 2 минг 736 та депутатлик сўрови чиқарилиб, 2 минг 800 га яқин муаммоли масалалар ечимига эътибор қаратилган бўлса, ўтказилган 690 та сайёр қабулда 984 кишининг мурожаатлари тингланиб, шундан 705 та масала ижобий ҳал этилди. 328 бор депутатлик жамоатчилик эшитувлари амалга оширилиб, тегишли ижро органлари раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари эшитилди.
Жорий йилда партия томонидан бошланган “Халқ билан бирга” йирик лойиҳаси доирасида Наманган вилоятида ҳам кенг қамровли амалий ишлар бажарилди. Апрель-сентябр ойлари давомида шаҳар ва туман партия ташкилотлари ушбу дастур доирасида бир қатор ижтимоий, маънавий-маърифий, тиббий, иқтисодий ҳамда хайрия лойиҳаларини амалга оширди ҳамда уларда минглаб фуқаролар қамраб олинди. Биргина сайёр қабуллар давомида 916 нафар фуқарога 3 миллиард 881 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Партия фаоллари – тадбиркорлар кўмагида якка ёлғиз кекса ва боқувчисини йўқотган 78 киши оталиққа олинди. 81 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Эътироф этиш жоиз, “Юракка йўл”, “Бир оила – бир ҳомий”, “Саломатлик сари”, “Тадбиркорлардан болажонларга” хайрия акциялари ҳамда “Ёш фермерлар тажриба мактаби”, “ЎзЛиДеП стипендияси”, “Ишбилармон аёл–2026” лойиҳалари ҳам ўзининг кутилган самараларини бериб, партия имижи ва унинг хайрихоҳларини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Конференцияда партиянинг декабр ойида ўтказилиши режалаштирилган Конгрессига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Шаҳар, туман партия ташкилотларининг анжуманларида билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, ҳудудларда партия фаолиятини такомиллаштириш юзасидан устувор вазифаларга эътибор қаратилди. ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитасининг жорий йил декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган иккинчи конгрессида Наманган вилоятидан қатнашадиган 84 нафардан иборат делегат аъзолари бир овоздан тасдиқланди.

– Партиямиз ташкил топганидан буён либерал ғоялар, тадбиркорлик, хусусий мулк ва мулкдорлар манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб келмоқда. Бугунги кенг кўламли ўзгаришлар эса ушбу мафкуравий асосларни сақлаган ҳолда партиянинг ижтимоий қамровини кенгайтиришни тақозо этмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ҳилола Юсупова. – Бунда тадбиркорлар ва фермерлар билан бир қаторда, зиёлилар, хотин-қизлар, ёшлар, мутахассислар, ишчи-ходимлар ҳамда аҳолининг бошқа қатламлари манфаатларини ифода этиш ва юртимиздаги турли касбдаги инсонларни ягона мақсад атрофида бирлаштиришга эътибор қаратилади. Шу маънода, ЎзЛиДеПнинг янги сиёсий дастурида ислоҳотлар суръати, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллани ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш каби устувор масалалар ўз аксини топиши кўзда тутилмоқда. Жамиятнинг кенг қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги ташаббуслар ҳам дастурдан ўрин олади. Дастурни шакллантиришда партиянинг қуйи бўғинлари, депутатлар, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар ва хотин-қизларнинг таклифларига таянилаётгани ҳужжатнинг ҳаётийлиги ва амалий аҳамиятини оширишга хизмат қилади.

Тадбир якунида, партия конгрессига тайёргарлик ишларининг галдаги босқичида амалга ошириладиган ташкилий масалалар белгилаб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири