“Навбаҳор” трансфер ойнасидан қандай фойдаланди?
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тегишли қўмитаси томонидан бир қатор футболчилар олдидаги қарздорликлар бартараф этилмагани сабабли “Навбаҳор” клубига нисбатан қарор қабул қилинган эди. Мазкур қарорга кўра, клубга 2026 йил 24 июлдан бошлаб кетма-кет икки рўйхатдан ўтказиш даври мобайнида миллий ва халқаро миқёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқланган.Айни пайтда клуб томонидан мавжуд қарздорликлар бартараф этилгани муносабати билан мазкур тақиқ бекор қилинди.
Шундан сўнг, “Лочинлар” таркибида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Клуб раҳбарияти Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан 2027 йил якунига қадар шартнома имзолади.
Ушбу футболчи 2001 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. Фаолияти давомида Самарқанднинг “Динамо”, Тошкентнинг “Олимпик” жамоаларида тўп сурган. 25 ёшли марказий ҳимоячи 2023 йилдан буён Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида фаолият юритаётганди.

Шунингдек, “Навбаҳор”га тўрт йиллик танаффусдан сўнг, бу йил яна қўшилган тажрибали ҳужумчи Қувондиқ Рўзиев жамоа сафини тарк этиб, “Бухоро” клубига ўтди. Ўтган йилги мавсумда мухлисларга чиройли ўйинлари билан манзур келган ярим ҳимояси Аббос Ғуломов ҳам Наманганни тарк этиб, “Насаф” клуби билан шартнома имзолади.

Қизиғи шундаки, “Жч-2026”да миллий терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилган “Пахтакор” вакили Абдулла Абдуллаев “Лочинлар” билан шу йил 13 июлда келишувга эришганди. Марказий ҳимоя ва таянч яримҳимоясида ўйнай оладиган 28 ёшли футболчи жароҳати сабабли янги жамоаси сафида майдонга тушмаётганди. Аммо Абдулла Абдуллаев кутилмаганда “Навбаҳор” клуби билан битимни бекор қилди.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” клуби иккинчи давранинг дастлабки турларида “Хоразм” (5:1) ва “Сурхон” (0:1) клубларини енгиб, мамлакат суперлигасида 28 очко тўплаган ҳолда, “ОКМК” клуби билан бирга учинчи ўринни бўлишиб турибди. Темур Кападзе шогирдлари навбатдаги турда 14 август куни ўз майдонида Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини қабул қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА