NASA обсерваторияси атмосферада ёниб кетди
АҚШ Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA)га тегишли Нил Герелс номидаги “Swift” коинот обсерваторияси 22 йиллик самарали фаолиятдан сўнг миссиясини якунлади. Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги шу ҳақда хабар берган.
Сўнгги йилларда Қуёш фаоллиги кескин ортиши оқибатида аппарат орбитаси сезиларли даражада пасайган ва Индонезиядаги Суматра ороли шимолий қисмида Ер атмосферасига кириб келган. АҚШ Коинот кучлари ва соҳа мутахассислари ҳолатни тўлиқ тасдиқлади.
Оғирлиги 1,5 тоннага яқин бу улкан қурилма атмосферада қай тарзда ёнгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Шунга қарамай, NASA мутахассислари обсерваториянинг асосий қисми ҳаво қатламида бутунлай парчаланиб кетиши, сақланган кичик қолдиқларнинг ерга зарар етказиш хавфи жуда пастлигини олдиндан маълум қилган эди.
Умуман, объект тушиши оқибатининг олдини олиш учун зарур чора кўрилган. Хусусан, 3 июль куни Маршалл оролидан “Katalyst Space Technologies” компаниясига тегишли “Link” аппарати учирилган. Режага кўра, “Link” коинотда “Swift” билан жипслашиб, қурилмани хавфсизроқ юқори орбитага олиб чиқиши керак эди. Афсуски, қурилмани ҳаракатга келтирувчи ва йўналишни барқарорлаштирувчи тизимда юзага келган техник носозлик сабаб қутқарув миссияси муваффақиятсизликка учради.
Ф.Яхшибоева, ЎзА