Гор Давлат котиби бўлиши мумкинми?
АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича махсус вакили, мамлакатнинг Ҳиндистондаги элчиси Сержио Гор маъмуриятда янги юқори мансаб, масалан Давлат котиби ёки Оқ уй аппарати раҳбари лавозимини эгаллаши мумкин. Бу ҳақда “The Washington Sun” хабар тарқатган.
Зеро, у Трампнинг яқин иттифоқчиси, Вашингтон ва Осиё ўртасидаги алоқалар бўйича асосий шахс – Давлат котиби Марко Рубионинг ишончли ёрдамчиси.
Нашр таъкидлашича, ҳали на амалдаги Давлат котиби, на ҳозир Оқ уй аппарати раҳбари бўлмиш Сьюзи Уайлс маъмуриятдан кетиш ниятини очиқча билдирмаган. Давлат департаменти ва республикачи сиёсий доиралардаги баъзи шахслар эса Рубио 2028 ёки 2032 йил президентлик сайловига тайёргарлик кўриш учун ҳукуматдан кетишини тахмин қилмоқда.
Манбалар таъкидлашича, Гор Вашингтон маъмуриятида Давлат котиби ўринбосари лавозимига қизиқиш билдирган.
Яқинда Сержио Гор АҚШ билан дўстона муносабатни мустаҳкамлаш ҳамда стратегик шерикликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Президентимиз Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” орденига муносиб кўрилган.
С.Раҳимов, ЎзА