Нарзи бобонинг шуҳрати
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фидойи юртдошларимиз, жумладан, юз ёшдан ошган нуронийлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида пайариқлик 101 ёшли Нарзи Қурбонов ҳам бор. Президентимиз фармонига кўра, отахон “Шуҳрат” медалига сазовор бўлди.
Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев Мустақиллик байрами арафасида Нарзи бобонинг хонадонига бориб, юксак давлат мукофоти ва вилоят ҳокимлигининг совғаларини топширди.
Нарзи Қурбонов 1925 йилда Пайариқ туманида туғилган. Болалиги оғир дамларга тўғри келгани боис суяги меҳнатда қотган. Ёшлигидан далада ишлаган, шу билан бирга оилавий ҳунармандчилик анъанасини давом эттириб, бешик ясаш билан шуғулланган. Собиқ иттифоқ даврида ҳунармандларнинг ҳам эмин-эркин ишлаши учун имконият бўлмаса-да, у ота-боболари ишини давом эттиришга интилди. Яна кўплаб ёшларга, фарзандларига бу ҳунар сирларини ўргатди. Муҳими, ҳалол меҳнат қилиб турмуш кечириш, рўзғор тебратишда ўз фарзандлари, қўни-қўшниларига ибрат бўлди.
[gallery-31164]
Қарийб ўттиз ёшида Хосият Қурбонова билан оила қуриб, биргаликда 5 нафар фарзандни камолга етказди. Айни пайтда отахон 22 нафар набира, 55 нафар эвара ва 8 нафар чеваранинг севимли бобоси, Чоштепа маҳалласининг энг ёши улуғ инсони сифатида қишлоқ аҳлининг маслаҳатгўйи.
Вилоят ҳокими Нарзи бобо билан суҳбатлашиб, у кишининг заҳматли меҳнатлари Президентимиз томонидан эътироф этилгани юртимизда кекса авлод вакилларига бўлган эътибор намунаси эканлигини таъкидлаб, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
Ўз навбатида Нарзи Қурбонов ҳам бу юксак эътибордан миннатдор бўлганини билдириб, дуо қилди.
– Мендек бир кекса инсонга шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатган Президентимизга, раҳбарларимизга минг раҳмат, – деди Нарзи бобо. – Улар ҳам менинг ёшимга кириб, доим элимиз ардоғида бўлсинлар. Юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин, Ўзбекистонимиз янаям обод бўлсин!
Отахоннинг хонадонидаги самимий суҳбат кўнгилларни янада равшан қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари