Россиялик шифокорлар “Миссия Добро” халқаро лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрди
26–31 октябрь кунлари «РЖД-Медицина» клиникалар тармоғининг мутахассислари хайрия миссияси билан Ўзбекистонда бўлади. Ташриф давомида россиялик шифокорлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашиб, тажриба алмашади ҳамда беморларга консультатив ёрдам кўрсатади.
Делегация таркибидан кардиожарроҳлар, онколог-жарроҳ, уролог, акушер-гинеколог, офтальмолог ва травматолог-ортопед ўрин олган. Мутахассислар дастур доирасида Тошкент ва Самарқанддаги тиббиёт марказлари ҳамда муассасаларида бўлади.
Дастурга мувофиқ, тиббиёт ходимлари ва соҳа талабалари учун маҳорат дарслари, маърузалар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилади. Шунингдек, беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларга маслаҳатлар бериш кўзда тутилган. Лойиҳа билим ва тажриба алмашиш, касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволашнинг замонавий усулларини оммалаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

«РЖД» ОАЖнинг тиббиёт бўйича директори, Марказий соғлиқни сақлаш дирекцияси раҳбари Елена Фисенконинг таъкидлашича, россиялик мутахассисларнинг бу каби ташаббуслардаги иштироки нафақат тажриба бўлишиш, балки хорижлик ҳамкасблар амалиёти билан яқиндан танишиш имконини беради. Ташаббус икки мамлакат тиббиёт муассасалари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади.

— Мен учун «Миссия Добро» лойиҳасида иштирок этиш — билимимиз ва тажрибамизни энг зарур бўлган жойда қуллаш имкониятидир, — дейди тиббиёт фанлари номзоди, акушер-гинеколог Элмира Нурмуҳаммедова. — Бундай форматдаги касбий мулоқот беморлар учун ҳам, шифокорлар учун ҳам манфаатли. Шахсан менга ушбу дастур профессионал ўсишга кучли туртки беради, зеро тажриба алмашиш орқали инсон ўз мутахассислигини янада чуқурроқ англайди.
«Миссия Добро» лойиҳаси 2021 йилдан буён «Россотрудничество» федерал агентлиги ва «Добро.РФ» уюшмаси томонидан амалга ошириб келинмоқда. Дастур доирасида соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва экология каби турли йўналишдаги россиялик мутахассислар бутун дунё бўйлаб аҳоли ва ташкилотларга ёрдам кўрсатмоқда. Шу кунгача 20 дан ортиқ мамлакатда 55 та миссия ташкил этилиб, 11 500 нафардан зиёд кишига кўмак берилди. 2025 йилда «РЖД-Медицина» клиникалар тармоғи шифокорлари «Миссия Добро» лойиҳаси орқали Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонга учта сайёр ташрифни амалга оширган эди.
Азиза Алимова, ЎзА