Наманганлик зиёратчилар Ҳаж сафарига йўл олди
Муборак Ҳаж сафарига бориш, табаррук Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш ҳар бир мўъмин-мусулмоннинг маънавий эҳтиёжи, эзгу орзусидир. Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида минглаб ватандошларимиз Ҳаж амалларини эмин-эркин адо этиш бахтига муяссар бўлишмоқда.
Водий ҳаво дарвозаси ҳисобланган Наманган халқаро аэропортидан 6 май куни “Ҳаж-2026” дастури доирасида “Наманган-Мадина” йўналишида илк парвоз Саудия Арабистонининг "FlyAdeal" авиакомпаниясининг “Airbus-330” русумли ҳаво кемаси орқали амалга оширилиб, унда Наманган вилоятининг Чортоқ, Норин, Поп, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларидан 350 нафар зиёратчи муқаддас заминга жўнаб кетди.
Бу йилги Ҳаж зиёратига ўн беш минг нафар ўзбекистонлик йўл олмоқда. Эътиборлиси, жорий Ҳаж мавсумида Наманган вилоятидан 1 минг 730 киши сафарга боради. Бу ўтган йилга қараганда 82 нафарга кўп демак. Зиёратчиларни кузатиш билан боғлиқ тадбирлар намунали ташкил этилди. Роббининг байти сари йўл олаётган, орзулари ушалган ҳамюртларимиз эсон-омон зиёрат қилиб келишни сўраб, хайрли дуолар қилишган бўлса, кузатувчилар эса, Каъбатуллоҳга бориш уларга ҳам насиб этишини дилларига тугишди.
“Namangan xalqaro aeroporti” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти жорий йилдаги Ҳаж мавсумида Наманган шаҳридаги аэропортдан Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари зиёратчиларини Мадинаи мунавварага етказиш учун 6 та авиарейс режалаштирилганини таъкидлади. Ҳар бир рейсда ўртача 330-350 нафардан йўловчини муаззам манзилга етказиш ҳамда зиёрат якунлангач она юртимизга қайтариб олиб келиш мўлжалланган.Қайтиш рейслари эса, "Uzbekistan Airways" авикомпанисига тегишли ҳаво бортлари орқали бажарилади.
Қайд этиш ўринлики, зиёратчиларга Мадина ва Макка шаҳарларида барча шароитга эга бўлган замонавий меҳмонхоналар хизмат кўрсатади ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан бириктирилган имом-хатиблар ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади.
– Узоқ йиллар давомида қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаларида меҳнат қилганман. Бунинг ортидан беш нафар фарзандимни уй-жойли қилдим. Етмиш икки ёшимда Яратганнинг инояти билан муқаддас Ҳаж зиёратига отланиш насиб қилиб турибди, – дейди Чортоқ тумани Ораариқ маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Ғофуржон Ҳусаинов. – Янги Ўзбекистонда қабул қилинган янги концепция асосида диний бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратилгани туфайли Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш янада осон бўлди. Ҳар йили миллионлаб ўзбекистонликлар муқаддас зиёратларга хурсандчилик билан боришмоқда. Шуни айтишим керакки, қутлуғ зиёратга тайёргарлик кўриш, тиббий кўрикдан ўтиш, муборак сафар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш сингари жараёнлар ташкилотчилар томонидан юқори савияда ташкил этилди. Иншааллоҳ, зиёрат давомида Ватанимизга тинчлик ва тараққиёт, халқимизга фаровонлик, деҳқончиликларга баракот тилаб, дуолар қиламиз.
Зиёратчиларни кузатиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА