Ўзбекистон ва Туркий давлатлар: иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Солиқ қўмитасида қўмита раисининг ўринбосари Жаҳонгир Абдиев ҳамда Туркий инвестиция жамғармаси президенти Бағдод Амреев бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда тизим самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, Бағдод Амреев Жамғарманинг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари ҳамда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Томонлар солиқ маъмуриятчилигига оид масалаларни чуқур муҳокама қилиб, Жамғарманинг асосий ҳужжатларини амалиётга татбиқ этиш йўлларини кўриб чиқди. Хусусан, харидларни амалга оширишда солиқ имтиёзларини қўллаш, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), акциз ва бошқа солиқлардан озод этиш тартиблари муҳокама марказида бўлди.

Учрашув якунида тезкор ҳамкорликни таъминлаш мақсадида масъуллар белгиланди ҳамда доимий ишчи мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Туркий инвестиция жамғармаси — Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий интеграцияни ривожлантиришга қаратилган илк қўшма молиявий институт ҳисобланади. У иқтисодий ҳамкорлик, савдо ва инвестицияларни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА