Ўзбекистон қурилишида асосий драйвер аниқ бўлди
Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини белгилайдиган асосий тармоқлардан бири — бу қурилиш соҳаси. Янги шаҳарлар, замонавий уй-жойлар, саноат мажмуалари ва инфратузилма объектлари айнан ушбу соҳа орқали вужудга келади. Шу маънода қурилиш фаолиятининг ҳажми ва таркиби мамлакатдаги иқтисодий жараёнларнинг йўналишини ҳам яққол акс эттиради.
Ўзбекистонда ҳам қурилиш соҳаси изчил ривожланиб, иқтисодиётнинг энг динамик тармоқларидан бирига айланмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотлари бу борадаги тенденцияларни янада аниқроқ кўрсатиб бермоқда.
Қўмита маълумотларига кўра, 2026 йил январь–март ойларида мамлакатимизда бажарилган қурилиш ишлари ҳажми иқтисодий фаолият турлари кесимида таҳлил қилинганда энг катта улуш бино ва иншоотлар қурилиши йўналишига тўғри келган.
Жумладан, мазкур йўналиш умумий қурилиш ишларининг 73,5 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич қурилиш соҳасида асосий инвестициялар айнан турар жой ва турли инфратузилма объектларига йўналтирилаётганини англатади.
2026 йилнинг биринчи чорагида иқтисодий фаолият турлари бўйича қурилиш ишлари қуйидагича тақсимланган:
-Бино ва иншоотлар қурилиши 47 триллион сўм,
-Фуқаролик объектлари қурилиши эса 11,5 триллион сўм,
-Ихтисослаштирилган қурилиш ишлари 5,5 триллион сўм.
Ушбу рақамлар қурилиш соҳасида асосий юклама бино ва иншоотлар қурилишига тушаётганини яққол кўрсатади.
Қайд этилишича, бино ва иншоотлар қурилишининг юқори улуши бир қатор иқтисодий ва ижтимоий омиллар билан изоҳланади. Биринчидан, аҳоли сонининг ўсиши уй-жойга бўлган талабни оширмоқда. Иккинчидан, шаҳарсозлик дастурлари доирасида янги турар жой массивлари ва замонавий инфратузилма объектлари барпо этилмоқда.
Шунингдек, хусусий секторнинг қурилиш бозоридаги фаол иштироки ҳам умумий ҳажмнинг ўсишига туртки бермоқда. Саноат корхоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг кўпайиши ҳам ушбу йўналишдаги улушни мустаҳкамламоқда.
Фуқаролик объектлари ва ихтисослаштирилган қурилиш ишлари ҳам иқтисодиётда муҳим ўрин тутади. Улар инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Умуман олганда, қурилиш соҳасида бино ва иншоотлар қурилишининг етакчи ўринни эгаллаши мамлакатда инвестиция фаоллиги барқарор эканини ва шаҳарсозлик жараёнлари жадал суръатда давом этаётганини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА