Наманганлик нуронийлар Туркистон зиёратида
Юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик халқимизга хос азалий қадриятларга ҳамоҳанглиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Нуроний” жамғармасининг шаҳар ва туманлардаги бир гуруҳ фаоллари қўшни Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрига сафар уюштирди.
Сафар давомида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилояти нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов бошчилигидаги саёҳат иштирокчилари тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва замонавий бунёдкорлик намуналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Даставвал, Туркистон шаҳрида Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган янги “Миромон ота” масжиди мажмуаси зиёрат қилинди. Ушбу муҳташам иншоот ўзининг бетакрор меъморий ечими, нафис безаклари ҳамда атрофида яратилган обод муҳити билан нуронийларда катта таассурот қолдирди.
Масжид мажмуасида яратилган шароитлар, миллий ва исломий қадриятларни ўзида мужассам этган қурилиш услуби ҳамда замонавий инфратузилма меҳмонларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди. Нуронийлар юртимиз ва қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталари янада мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Навбатдаги манзил – туркий халқлар ва бутун ислом оламида юксак эҳтиромга сазовор бўлган буюк мутафаккир Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси бўлди. Нуронийлар мазкур муқаддас қадамжода буюк алломанинг бой маънавий мероси, ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан танишди. Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва келажак авлодларнинг бахтли истиқболи учун дуолар қилинди.

Зиёрат давомида нуронийлар томонидан жонлиқлар сўйилиб, эҳсон қилинди. Сафар қатнашчилари Туркистон шаҳридаги тарихий ва замонавий обидалар билан танишиб, қардош халқларни бирлаштириб турувчи умумий тарих, маданият ва маънавий мероснинг нақадар бой эканлигини яна бир карра ҳис этди.
Кексаларимизнинг маънавий оламини янада бойитиш, янги таассуротлар ва унутилмас хотиралар қолдирган сафар Самарқанд шаҳрида давом этди. Кексалар кўҳна кентда буюк алломалари ва авлиёлари билан боғлиқ қадамжоларни зиёрат қилиб, тарихий обидалар билан яқиндан танишди.

Бутун мусулмон оламини ҳайратга солаётган Имом ал-Бухорий мажмуасида Ислом тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк муҳаддис, "Саҳиҳ ал-Бухорий" асари муаллифи Муҳаммад Мусо Имом ал-Бухорий ҳазратлари номи билан боғлиқ ушбу мажмуа кенг кўламли қайта таъмир ва ободонлаштириш ишларидан сўнг янада кўркам ва маҳобатли қиёфа касб этган. Мажмуада яратилган шароитлар, бетакрор меъморий ечимлар ва маънавий муҳит нуронийларга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Саёҳат давомида нуронийлар Ислом оламида юксак эҳтиромга сазовор бўлган буюк мутафаккир Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳида ҳам бўлди. Аслида Наманган, унинг Косонсой заминида туғилган аждодимизнинг бой мероси, унинг илм-фан ва маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, Хўжа Аҳрор Валий зиёратгоҳида бўлиб, эзгу ниятлар билан жонлиқ сўйиб эҳсон қилди. Зиёрат чоғида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ёшларимизнинг камоли учун дуолар қилинди.

Бундай улуғвор зиёрат ва саёҳат нуронийларда унутилмас таассуротлар қолдириб, катта авлод вакилларининг юртимиз тарихи, маданияти ва муқаддас қадамжоларига бўлган ҳурматини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.