Наманганда «Таълим ва касб – 2026» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди
Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида мактаб битирувчилари, абитуриентлар ва келажакдаги касбини танлаш арафасида турган йигит-қизлар учун «Таълим ва касб – 2026» халқаро таълим кўргазмаси ташкил этилди.
Мазкур тадбир ёшларни маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан таништириш, уларга ўқиш йўналишини танлаш, касбий келажагини белгилаш ҳамда мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумот олишда кўмаклашиш мақсадида ўтказилди.
Кўргазмада 5 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этиб, мамлакатимиз ва хориждаги университетларнинг ўқув дастурлари, қабул шартлари, халқаро грант ҳамда стипендиялар билан танишди.
Тадбирда ўттизга яқин хорижий олий таълим муассасаси, шунингдек, қатор чет эл университетларининг юртимиздаги филиаллари ўз тақдимотлари билан қатнашди. Улар абитуриентлар, мактаб ўқувчилари ва устоз-мураббийларга мавжуд таълим йўналишлари, ўқиш шартлари, замонавий касблар ҳамда академик имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Хусусан, Россия, Беларусь, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа Осиё ҳамда Европа давлатлари олий ўқув юртларининг тақдимотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Хорижлик мутахассислар ёшларга турли таълим дастурларининг ўзига хос жиҳатлари, қабул жараёнлари ва халқаро грантлардан фойдаланиш имкониятларини тушунтирди.
Кўргазма давомида йигит-қизлар университет вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Айниқса, хорижда таҳсил олиш тартиби, истиқболли мутахассисликларни эгаллаш, грант ва стипендия дастурларида иштирок этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ёшларга меҳнат бозори талабларини инобатга олган ҳолда келажак касбини танлаш, ўз қизиқиш ва қобилиятига мос йўналишларни белгилаш юзасидан зарур маълумотлар тақдим этилди.
[gallery-32676]
Халқаро таълим кўргазмаси ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш, маҳаллий ва хорижий университетлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратиш ҳамда келгуси таълим йўлини онгли равишда танлашига кўмаклашиши билан аҳамиятли бўлди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА