Бухоронинг иқтидорли қизлари сараланди
Бухоро вилоятида Зулфия номидаги Давлат мукофотига талабгорларни саралашнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшларни, хусусан, истеъдодли қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фан, таълим, санъат ва жамоат ҳаётидаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш жараёни ҳам иқтидорли, ташаббускор ва билимли қизларни кашф этиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда танловнинг қуйи — туман ва шаҳар босқичларида 500 нафардан зиёд иқтидорли қиз иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратини намойиш этди. Улар орасидан сараланган 145 нафар истеъдод соҳиби вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Иштирокчилар фан, таълим, тиббиёт, адабиёт, санъат, маданият, спорт, жамоатчилик фаолияти ҳамда ахборот технологиялари йўналишлари бўйича ўз лойиҳалари, ижодий ишлари ва эришган ютуқларини тақдим этди. Номзодларнинг амалий тажрибаси, инновацион ғоялари, хорижий тилларни билиш даражаси ва ижтимоий фаоллигига алоҳида эътибор қаратилди.
Талабгорларнинг тақдимотлари ва ҳужжатлари соҳа мутахассислари, олимлар, ижодкорлар ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Бунда номзодларнинг билим ва салоҳияти, ўз йўналишида эришган натижалари, ташаббускорлиги ҳамда ижтимоий ҳаётдаги иштироки асосий мезонлардан бўлди.
[gallery-32661]
Саралаш натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткичларни қайд этган иқтидорли қизлар танловнинг республика босқичида Бухоро вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА