Фарғонада ёшлар ва иш берувчилар ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Бугунги кунда касбий таълим олдида турган муҳим вазифалардан бири ёшларга муайян мутахассисликни эгаллашда кўмаклашиш билан бирга, уларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига ҳам кўмак беришдир. Бу борада таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, битирувчиларни мавжуд бўш иш ўринлари билан таништириш ҳамда бандлигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Фарғона вилояти касбий таълим бошқармаси ташаббуси билан Фарғона шаҳридаги 3-сон техникумда вилоят миқёсида «Карьера куни» тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Полвонов, Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Миграция агентлиги вакиллари иштирок этди.
Тадбирга 20 та иш берувчи корхона ва ташкилот, 8 та хусусий бандлик агентлиги орқали хорижий иш берувчилар жалб қилинди. Шунингдек, 10 та йирик корхона мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашди. Вилоятдаги техникумларнинг битирувчи ёшлари эса ўзларини қизиқтирган ташкилотлар ва уларнинг вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.
Учрашув давомида маҳаллий ва хорижий меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари, мутахассисларга қўйиладиган талаблар ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Йигит-қизлар ишга қабул қилиш шартлари, меҳнат фаолияти ва касбий истиқболлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
[gallery-32656]
Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари ва техникум раҳбарлари ўртасида алоҳида учрашув ташкил этилиб, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш, фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш тартиблари ҳамда бу борадаги мавжуд имкониятлар муҳокама қилинди.
«Карьера куни» битирувчиларга ўз касбий салоҳиятини намоён этиш, иш берувчиларнинг талаб ва таклифлари билан яқиндан танишиш, келгуси меҳнат фаолиятига оид режаларини белгилаш учун қулай мулоқот майдони бўлди.
Тадбир иш берувчилар учун ҳам таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди.
— Корхонамиз фаолиятида малакали ва касбий тайёргарликка эга кадрлар муҳим ўрин тутади. Техникум битирувчилари билан бевосита мулоқот қилиш орқали уларнинг билим ва қизиқишларини ўрганиш, келгусидаги ҳамкорлик имкониятларини белгилаш мумкин. Бундай тадбирлар таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, битирувчилар бандлигини таъминлашга хизмат қилади, - дейди Қувасой шаҳридаги кўча чироқлари ва қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи «Blue Carbon» МЧЖ савдо бўлими бошлиғи Ғиёсжон Ортиқов.
Мазкур тадбир касбий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, ёшларни меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар этиб тайёрлаш, уларнинг олган билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаши ҳамда муносиб иш ўрнига эга бўлишига кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА