Наманганда қаламкашлар ижодий мулоқотда бўлди
Наманган давлат педагогика институтида Вазирлар Маҳкамасининг нашрлари – “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари ҳамда унинг доирасида “Янги Ўзбекистон орзуси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салим Дониёров, бош муҳаррир ўринбосари Абу Бакир Ўрозов, Наманган давлат педагогика институти ректори Баҳодир Хусанов, Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Илҳомжон Раҳматов, вилоятдаги таниқли зиёлилар, ижодкорлар, институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон орзуси” номли китоби кенг жамоатчиликка тақдим этилиб, ижодкорлар, педагоглар ва ёшлар томонидан китобнинг мазмуни ҳақида маърузалар қилинди. Ушбу теран мазмунга бой асарда сўнгги йилларда Янги Ўзбекистондаги оламшумул ислоҳотларнинг натижалари ҳақида батафсил ва ҳаётий мисоллар билан сўз юритилгани таъкидланди.
[gallery-30488]
Шунингдек, тадбир давомида газеталарда чоп этилаётган таҳлилий мақолалар, интервьюлар ва долзарб мавзулардаги материаллар мисолида журналистиканинг жамият тараққиётидаги ўрни кенг муҳокама қилинди. Иштирокчиларга мазкур миллий нашрнинг қизғин фаолияти, уларнинг жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлашдаги роли, газетанинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти, контент тайёрлаш хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди, ислоҳотларнинг самарадорлиги бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Наманган вилоятига амалга оширилган хизмат сафарининг яна бир аҳамиятли манзили – Наманган шаҳрида жойлашган вилоят “Матбуот уйи” бўлди. “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров бошчилигидаги ижодий гуруҳ вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририяти билан танишди.
Мулоқотда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда келгусида қўшма медиа лойиҳаларни амалга ошириш, ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш атрофлича муҳокама қилинди.
Салим Дониёров суҳбат чоғида вилоятда оммавий ахборот воситаларига қаратаётган эътибор ва ғамхўрликни алоҳида эътироф этиб, “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, журналистлар учун муносиб шарт-шароитлар ҳозирлаш, ижод аҳлини рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.
Учрашувда икки таҳририят ўртасида ахборот алмашинувини кенгайтириш, долзарб мавзуларда қўшма материаллар тайёрлаш, замонавий журналистика йўналишидаги янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
[30488]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА