Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Наманган вилоятини республиканинг саноат, кичик бизнес ва тадбиркорлик марказига айланишида ҳудудларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларнинг натижалари беқиёс аҳамиятга эга.
Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги “Sifat tikuv servis” масъулияти чекланган жамияти 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 50 нафар ходимни иш билан таъминлаб келмоқда. Корхона “Nazzaro” бренди остида эркаклар учун замонавий услубдаги кийим-кечаклар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Ўтган йилда жамият томонидан Тожикистонга умумий қиймати 150 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда эса ушбу кўрсаткични 250 минг долларга етказиш режалаштирилган. Қолаверса, ички бозорга бугунгача 1 миллиард сўмлик маҳсулот йўналтирилган бўлса, йил охиригача бу рақам 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиши кутилмоқда.

***
Давлатобод туманида фаолият олиб бораётган “Universal Box” масъулияти чекланган жамиятида гофра қоғоз ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари яратилди.

Илгари асосан картон қутилар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган корхонада эндиликда бу қутилар учун зарур бўлган гофра қоғозлар маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса маҳсулот таннархини камайтириш, импорт ўрнини босиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Янги ишлаб чиқариш қувватлари йилига 2-3 минг тонна гофра қоғоз ҳамда 7-9 миллион дона картон қути ишлаб чиқариш имкониятига эга. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида корхонадаги ишчилар сони 80 кишига етказилди.
Шунингдек, корхона томонидан 100-150 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилмоқда.
***
Чортоқ туманидаги "Chortoq halol chorva" масъулияти чекланган жамияти томонидан қарийб 3 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий чорвачилик комплекси барпо этилди.
Аҳолини арзон ва сифатли гўшт ҳамда гўшт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга қаратилган ушбу комплексда Россия, Беларусь, Хитой ва Доғистондан келтирилган симментал, ангус ва герефорд зотли наслдор қорамоллар парваришланади.

Шунингдек, мажмуа ҳудудида 100 тонна сиғимга эга замонавий музлаткич ҳамда аҳолини арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилаётган қушхона фаолият юритмоқда.

Бундай лойиҳалар аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда гўшт маҳсулотлари нархининг барқарорлигини сақлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда чорвачиликни замонавий технологиялар асосида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
***
Наманган шаҳрига соғлиқни сақлашнинг травматология йўналиши бўйича энг сўнгги русумдаги янги замонавий тиббий жиҳозлар келтирилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги ва Австриянинг “АME International GmbH” компанияси ўртасида 10 миллион евро миқдорида шартнома имзоланган эди.

Шунга асосан ҳозирга қадар мазкур шифо масканига 63 хил турдаги 329 дона 9,6 миллион евро қийматидаги асбоб-ускуналар ва жиҳозлар етказиб берилди.
Шартномага асосан шу йил якунигача қолган етти хил турдаги 16 дона 400 минг евро қийматидаги асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ҳам етказиб келинади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири