Наманган вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади
“2026 йилда Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
2026 йил 11 июнда қабул қилинган қарорга кўра, 2026-2027 йилларда 20 та “чемпион” тадбиркорларни танлаб олиб, корхоналарда меҳнат унумдорлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Бунда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан биргаликда ишлаб чиқаришни мақбуллаштириш ва маҳсулот таннархини камайтиришга қаратилган тежамкор ишлаб чиқариш (Lean Six Sigma) дастури амалга оширилади.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан биргаликда “Кичик бизнесга маслаҳат” дастури доирасида барча йўналишларда консултация хизматларини кўрсатиш ҳамда банкнинг арзон молиявий маҳсулотларини ажратиш бўйича келишувларга эришиш назарда тутилади.
Наманган шаҳри Шарқ тонги маҳалласидаги Самарқанд ва Кўзагарлик кўчалари Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Зарқайнар кўчаси намунаси асосида миллий меъморчилик, ҳунармандчилик анъаналари ва замонавий сервисни ўзида мужассам этган “Эски шаҳар” туризм мажмуасига айлантирилади.
2027/2028 ўқув йилидан Янгиқўрғон тумани 2-сонли техникум ҳамда Чортоқ тумани 1-сонли техникумда Австриянинг Кремс амалий фанлар университети билан хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасида Европа андозалари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Техникумларнинг 2 йиллик касбий таълим дастурларида ўқитиш давлат гранти асосида амалга оширилади ва битирувчиларга давлат намунасидаги касбий таълим тўғрисида диплом берилади.
Шербек Исломов,
ЎзА