Нафиса Равшанова: “Муваффақиятга машғулот ва изланишлар орқали эришилади”
25 га яқин илмий мақолалар муаллифи, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Нафиса Равшанова бугунги янги Ўзбекистон ёшларининг ёрқин вакилларидан бири. У билан катта спортдаги фаолияти, илмий изланишлари, спортчининг шаклланишида оиланинг ва мураббийларнинг таъсири каби мавзулардаги суҳбат билан қуйида танишишингиз мумкин.
Юртимизда ёш спортчиларга яратилаётган шарт-шароит ва эътибор натижасида ўтган қисқа фурсатда миллий терма жамоаларимиз сафига ўнлаб истеъдодли ёшлар келиб қўшилди.
Бугун, 17-19 ёшли спортчиларимиз орасида жаҳон ва қитъа чемпионлигига эришган, нуфузли турнирларда совриндорлик мақомига кўтарилиш билан бирга илмий изланишлар олиб бораётган, рақамли технологиялардан унумли фойдаланаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Ана шундай спортчиларимиздан бири белбоғли кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, 10 карра Ўзбекистон чемпиони, икки карра халқаро турнирлар ғолиби, Кўчманчилар ўйинлари ҳамда Ҳамдўстлик ўйинлари совриндори, 25 га яқин илмий мақолалар муаллифи, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Нафиса Равшанова.
Андижоннинг Булоқбоши туманида таваллуд топган Нафиса ёшлигидан миллий спорт турларимизга қизиқиб, кураш, уч кураш, белбоғли кураш йўналишларидаги турли мусобақаларда ўз истеъдодини намойиш этишга муваффақ бўлди.
Интилувчанлиги, тиришқоқлиги туфайли терма жамоа мураббийлари назарига тушиб, Европа ва Осиё қитъасининг бир қатор давлатларида ўтган чемпионатларда, комплекс мусобақаларда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга эришди.
Нафиса Равшанова ва унинг мураббийи Искандар Махаматов билан ўтказган суҳбатимиз давомида ўтказилган мусобақалар тафсилоти, қиз болаларнинг якка кураш турлари билан шуғулланишининг ижобий ва салбий жиҳатлари, мамлакатимиз спорт таълимида юз бераётган ўзгаришлар, кутилаётган халқаро мусобақалар хусусида бўлди.
Суҳбатнинг тўлиқ тафсилотлари билан қуйида танишишингиз мумкин.
Т. Рўзиев, Н. Мардонов, О. Давронов (видео), А. Аҳмедов (монтаж), ЎзА