Кураш: Аброр Исмоилов хотира турнирида Тошкент жамоаси ғолибликка эришди
Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуасида кураш бўйича Аброр Исмоилов хотирасига бағишланган халқаро турнирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ҳамда қўшни мамлакатлардан келган 250 нафардан зиёд ёш курашчилар ўз маҳоратини намойиш этди.
Мусобақаларда 2012–2013, 2014–2015 ҳамда 2016–2017 йилларда туғилган кичик ўсмирлар 15 та вазн тоифасида беллашди.
– Мамлакатимизда миллий спортимиз курашнинг дунё бўйлаб кенг оммалашишига алоҳида эътибор қаратилиши билан бирга ўз вақтида чемпионликка эришган, халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган полвонлар хотирасини қадрлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Аброр Исмоилов ўз вақтида шундай спортчилардан бири эди. У кураш энди-энди халқаро майдонда ривожланаётган даврларда кўплаб давлатларда, юртимизда ўтказилган турнирларда муносиб иштирок этиб, курашнинг жозибасини ўз усулларида намойиш этганди. Бугун у орамизда йўқ. Лекин Аброр Исмоилов қўллаган кураш усуллари, унинг ўзига хос кураш мактаби ҳар доим ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда, – дейди кураш бўйича Тошкент шаҳар терма жамоаси мураббийи Адҳам Равшанов.

Муросасиз беллашувларга бой кечган турнир якунида умум жамоа ҳисобида Тошкент шаҳри жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, кейинги ўринлар Жиззах, Учтепа, Наманган жамоаларига насиб этди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА