Музейшуносликда янги ёндашувлар: мутахассислар фикр алмашди
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “ХХI асрда музейшунослик назарияси ва музейларни бошқариш амалиётининг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир мамлакатимизда музейшунослик соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, музейларни бошқаришнинг инновацион моделларини такомиллаштириш, маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга бағишланди. Унда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, музей мутахассислари, тадқиқотчилар, докторантлар, магистрантлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
[gallery-29410]
Институт ректори Омонулла Салихов тадбирни очиб, музейшунослик соҳасини ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлаш ва музейларни замонавий бошқарув механизмлари асосида ташкил этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан эканини таъкидлади. Шунингдек, музейларнинг таълимий ва маърифий аҳамияти ортиб бораётгани қайд этилди.
Анжуман давомида соҳанинг долзарб масалалари юзасидан илмий маърузалар тингланди. Жумладан, музейшунослик назариясининг ривожланиш тенденциялари, музейларни бошқаришнинг инновацион модели, рақамли трансформация, маданий меросни сақлаш ва реставрация масалалари, музей педагогикаси ҳамда ҳуқуқий-ахборот хавфсизлиги мавзулари муҳокама қилинди.
Маърузаларда музейларни рақамлаштириш, виртуал музейлар яратиш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Анжуманга тақдим этилган мақолалар Польшанинг Index Copernicus, Европанинг Zenodo ва Open Aire халқаро базаларига жойлаштирилади, шунингдек, Google Scholar халқаро қидирув тизимида индексланади. Шу билан бирга, ҳар бир мақолага алоҳида DOI рақами берилиши, муаллифларга электрон сертификатлар, индекслаш сертификати ҳамда мақоланинг индексланган PDF нусхаси тақдим этилиши иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Анжуман материаллари электрон ва босма шаклда нашр қилиниши режалаштирилгани маълум қилинди.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди, эсдалик суратлари олинди.
Анжуман музейшунослик соҳасида фаолият юритаётган олимлар, амалиётчи мутахассислар ва ёш тадқиқотчилар учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Камола Юсупова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА