“Мен севган баҳор” – шоир Туроб Ниёзнинг янги китоби
Инсон қалби шеърият орқали таскин ва ҳузур, маънавий куч-қувват топади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Туроб Ниёз сўзга ғоят масъулиятли, самимий, софдил, камтарин ижодкор. Яқинда унинг “Мен севган баҳор” номли шеърий тўплами нашрдан чиқди.
Туроб Ниёз — XX асрнинг 90-йилларида ўзбек шеъриятига кириб келган, ўз овози ва услубига эга таниқли замонавий лирик шоир ва журналист.
Шоир ўз шеърларида оилавий бахт, хотиржамлик ва инсоний меҳр-оқибатни, одамийликни, поклик ва ҳалолликни жуда содда ва таъсирли мисраларда ифода этади. Туроб Ниёз қалб кечинмалари, инсоний муносабатлар ва гўзалликни куйловчи кўплаб тўпламлар муаллифи.
Ижодкор “Муҳаббат осмони”, “Гуллаган боғлар”, “Муҳаббат гуллари”, “Очиқ юрак”, “Кўнгилга мурожаат”, “Уммон юрак” каби шеърий тўпламларнинг муаллифи. Туроб Ниёз ижодида Ватан ва табиат мадҳи, ўзи туғилиб ўсган мафтункор гўша — Ғаллаоролнинг бетакрор табиати, тоғлари ва гўзал манзаралари алоҳида ўрин тутади. Унинг ижод намуналарида ҳаёт синовлари, вақтнинг тез ўтиши ва инсон камолоти ҳақида теран фалсафий фикрлар бадиий образлар орқали очиб берилган.
Шоирнинг “Мен севган баҳор” номли янги шеърий тўпламида ҳам Ватан, она, табиат, меҳр-муҳаббат, инсондаги фазилат ва қусурлар қаламга олинган.
Ушбу тўпламда шеърлар билан бирга ўнга яқин ғазал, элликка яқин туюқлар, 350 дан ортиқ тўртликлар, шунингдек, мингдан ортиқ иккиликлар жой олган. Уларни мутолаа қилган китобхон бугунги дунё, ҳаёт, одамлар ва табиат билан юзма-юз келгандек бўлади. Юртдошларимизни ўйлантираётган муаммолар, ҳаётда учрайдиган турли дарду ташвишлар, китобхон кўз ўнгидан бирма-бир намоён бўлади.
Ушбу шеърий тўплам филология фанлари доктори, профессор Қурдош Қаҳрамоновнинг тақризи ва “Сўзни Ватан каби севган шоир” номли кириш сўзи билан бошланади.
Айтиш керакки, Туроб Ниёз меҳнат фаолиятини “Ўзбекистон” нашриётида бошлаб, у ерда нашр этилган кўплаб китобларга муҳаррирлик қилди. 1989 йилда “Ленинг учқуни” – ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида бўлим бошлиғи вазифасида ишлади.
1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон радиосининг “Адабиёт” ва “Мусиқа” муҳарририятларида, 1998 йилда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” телеканалидаги “Мусиқа” ва “Сиёсат” муҳарририятларида, 2003 йилдан бошлаб “Ёшлар” телеканалида меҳнат қилди. 2023 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фаолият кўрсатмоқда.
Туроб Ниёз ўз фаолияти давомида кўплаб мақола ва хабарлар ёзди, юзлаб кўрсатув ва эшиттиришларга муаллифлик қилди. Унинг 13 та шеърий тўплами нашр этилган. Ижодкор “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик”, “Посбониман муқаддас юртнинг” номли ижодий танловларда совриндор бўлган. 2024 йилда Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган.
Н.Усмонова, ЎзА