Ҳудудий мақом теaтрлари ўртасида меморандумлар имзоланди
Teaтр азал-азалдан инсонларни маърифатга етаклашга хизмат қилган. Унда жамиятдаги салбий иллатлар мисли кўзгудек намоён бўлади. Ҳар бир миллатнинг этник тарихидан келиб чиқиб унинг теaтри шаклланган. Табиийки, бунда ҳам муштарак жиҳатлар етарлича. Масалан, тарихи, географик жойлашуви бир-бирига яқин миллатлар тeaтри ҳам ўхшаш бўлади. Мамлакатимизда санъат ва маданиятга бўлган эътибор натижасида тeaтр санъати ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда эса халқаро ҳамкорликлар самара бермоқда.
Шундай ҳамкорликларнинг изчил давоми ўлароқ, Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида ўтказилган халқаро "Ушшоқи Раҳмони" шашмақом фестивали доирасида Камол Хўжандий номидаги Хўжанд мусиқали драма тeaтри ҳамда Нури Хўжанд мақом ансамбли ва Марғилон шаҳар мусиқали мақом тeaтрлари ўртасида халқаро меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжат икки мамлакат тeaтр жамоалари ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда ўзаро гастроль сафарлари ва ижодий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Шуни айтиш керакки, мазкур меморандум нафақат мақом санъатини ривожлантириш, балки Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга замин яратади.
Шербек Исломов, ЎзА