Мувафаққиятли ҳамкорлигимиз ва ютуқларимиз мустақиллик шарофати туфайлидир
Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён ишончли ва дўстона ҳамкорлик олиб бораётганимиздан жуда мамнунман. Шавкат Мирзиёев 2016 йилда Президентлик лавозимига киришганидан буён мамлакатда барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Шахсан ўзим, Саксония-Анҳальт лантдаги президенти ва ҳозирда “Германия-Ўзбекистон форуми” президенти сифатида ишонч билан айта оламанки, сўнгги йилларда кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга эришдик. Ўзбекистон бугун халқаро миқёсда Германия, айниқса, шахсан мен ва Саксония-Анҳальт федерал ўлкаси учун муносиб ҳамкор мамлакатдир.
Мамлакатларимиз ўртасида кўплаб умумий жиҳатларимиз мавжуд. Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар бугунги кунда Германия томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Ҳозирда ёшлар билан ишлаш, таълим, малакали мутахассислар ва ишчилар алмашинуви соҳаларида жуда яхши ҳамкорлик ўрнатдик ва самарали натижаларга эришмоқдамиз. Сўнгги пайтларда алоқаларимиз янада тез суръатлар билан ривожланмоқда. Ҳамкорлигимиз туфайли ўртамизда ҳақиқий дўстлик ришталари, биродарлик алоқалари ва тенг ҳамкорлик пайдо бўлди. Бу мени жуда қувонтиради.
Бироқ буларнинг барчаси мустақиллик шарофати туфайли эришилган имкониятлар эканлигини унутмаслик лозим. Мустақиллик бизга нима берди? Мустақил давлат сифатида қандай тараққий этаяпмиз? Бу каби саволлар туғилиши табиий. Биз ҳам собиқ ГДР федерал ўлкаси сифатида 1989 йилда мустақиллигимизни қайта тикладик. Мен мустақил давлат сифатида оёққа туриш қанчалик мураккаблигини яхши биламан. Шунинг учун, бу йўлда сизлар билан бир қаторда собитқадам эканлигимдан жуда хурсандман.
Мен Ўзбекистон халқига Европа Иттифоқининг, Германиянинг ҳамкори сифатида келгусида ҳам биргаликда фаровон тараққиёт тилайман. Ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва алмашинув барча соҳаларда янада кенгайиши истагидаман. “Германия-Ўзбекистон форумининг” ташкил этилганлигининг пировард мақсади ҳам шудир.
Алоқаларимиз иқтисодиёт, тиббиёт, таълим соҳасида янада мустаҳкамланиши тарафдориман. Айни пайтда Ўзбекистондан келган немис тили ўқитувчиларининг катта бир гуруҳи Саксония-Анҳальт федерал ўлкасида немис тилини ўқитиш бўйича билим ва малакаларини оширмоқдалар. Улар Ўзбекистонга қайтгач, ёшларга немис тилини ўрганишда яқиндан ёрдам берадилар. Шу тариқа мамлакатда таълим соҳасини янада ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Шу қутлуғ кунда мен Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ўзбек халқини чин қалбимдан муборак этаман. Гарчи масофавий сизлардан олис бўлсам-да, ушбу улуғ байрамда қувончингизга шерик бўлишдан жуда мамнунман. Ишонаманки, ҳамкорлигимиз узоқ йиллар давом этади ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар янада бир-бирига яқинлашиб, мустаҳкам ривож топади.
Гуннар Шелленбергер,
Германиянинг Саксония-Анҳальт федерал
ўлкаси ландтаги президенти.
ЎзА.