Сенат: депутат сўровларининг сифатини ошириш зарур
Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Комиссия аъзолари, Сенат девони вакиллари, маҳаллий кенгашлар раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Самарқанд вилоятларида маҳаллий кенгашларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга ошираётган ишлари натижалари муҳокама қилинди.

Кун тартиби доирасида мутасаддилар томонидан ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар ҳақида ахборот тақдим этилиб, маҳаллий кенгашлар фаолиятидаги айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар берилди. Шунингдек, депутатлар томонидан ҳам фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Мажлиснинг иккинчи қисмида 2026 йил биринчи чораги давомида депутатлар томонидан юборилган сўровлар, уларга берилган жавоблар ҳамда интизомий чоралар амалиёти кўриб чиқилди.

Амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда таҳлил натижалари кўрсатишича, айрим депутат сўровларига тўлиқ жавоб берилмаяпти. Хусусан, оддий мурожаатларни депутат сўрови сифатида расмийлаштириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Шу муносабат билан, депутатлардан сўров юборишда белгиланган тартиб ва талабларга қатъий риоя қилиш, шунингдек, депутат сўровларининг сифатини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, маҳаллий кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, “E-kengash” ахборот тизими босқичма-босқич жорий этилиб, ҳужжат айланмаси, депутат сўровлари ва мурожаатлар билан ишлаш жараёнлари электрон шаклга ўтказилгани қайд этилди. Тизим орқали қарор қабул қилиш жараёнлари янада соддалаштирилмоқда.
Комиссия аъзолари томонидан маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар берилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА