Афв — янги ҳаётга очилган эшик
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, адолат ва инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат изчил давом этмоқда. Бу борада давлат раҳбарининг жорий йил 19 мартдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Жиззах вилоятидан 14 нафар фуқаро афв этилди.
Ана шу инсонлар билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилиб, унда ички ишлар органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Учрашув нафақат расмий тадбир, балки афв этилган фуқаролар учун янги ҳаёт остонасидаги руҳий қўллаб-қувватлаш майдонига айланди.

Тадбирни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров олиб борди. Унда асосий эътибор афв этилганларни жамиятга қайтариш, уларни оила бағрига тиклаш, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва қайта жиноят содир этишнинг олдини олишда мутасадди идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида афв этилган фуқароларнинг ҳар бири билан бевосита мулоқот қилиниб, уларни қийнаётган муаммолар атрофлича ўрганилди. Айниқса, иш билан таъминланиш, уй-жой, тиббий ва ижтимоий кўмакка доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Қайд этилганидек, афв — бу фақат жазодан озод этиш эмас, балки инсонга яна бир бор ишонч билдириш, унинг тўғри йўлни танлаш имкониятини кенгайтириш демакдир. Шу маънода, афв этилган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш барча масъул идораларнинг устувор вазифаси сифатида белгилаб олинди.
Тадбир якунида масъулларга афв этилганларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишга кўмаклашиш ҳамда ижтимоий ҳимоя механизмларини янада кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири