Мустаҳкам оиладан фаровон жамият сари
Истиқлол йилларида оила институтини мустаҳкамлаш масаласига устувор эътибор қаратила бошланди. Жамиятнинг ажралмас бўлаги бўлмиш оилаларни ижтимоий, моддий, мънавий қўллаб-қувватлашнинг изчил механизми яратилди. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева билан суҳбатимиз шу хусусида бўлди.
– Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллик тараққиёт йўлида оила институтини асраш ва мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди? Бугун юртимиздаги демографик жараёнлар, оилалар сони ва туғилиш кўрсаткичлари бу борада қандай натижаларни кўрсатмоқда?
–Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги — мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларни баҳолаш ва келгуси мақсадларни белгилаш учун муҳим тарихий сана. Бу йиллар давомида жамият ҳаётининг барча соҳалари қатори оила институтини асраш ва мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келди. Айниқса, Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида фаровон оила — кучли жамият пойдевори деган тамойил давлат ва жамият ҳаётида тобора аниқ мазмун касб этмоқда.
Бугунги кунда дунё миқёсида ҳам оила институтини асраш ва мустаҳкамлаш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Глобаллашув, рақамли трансформация, меҳнат миграцияси, урбанизация ва оммавий маданият таъсири оилавий муносабатлар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Ана шундай шароитда Ўзбекистонда оилалар фаровонлигини таъминлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраш, соғлом оилавий муҳитни шакллантиришга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистонда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра мамлакатимиз аҳолиси сони
39,0 миллион нафардан ошди.
Шунингдек, республикамизда оилалар сони йил сайин ортиб бормоқда. Жумладан, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда оилалар сони
10,5 миллиондан ошган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 18,0 фоизга кўпайган. Мазкур рақамлар оиланинг нафақат инсон ҳаётидаги, балки мамлакатнинг ижтимоий ва демографик тараққиётидаги ўрни ҳам тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, мамлакатимизда туғилиш даражасининг юқори сақланиб қолаётгани ҳам демографик барқарорликнинг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Хусусан, 2025 йил давомида мамлакатимизда 879,6 мингта туғилиш қайд этилган.

- Бугун глобаллашув, рақамли трансформация, меҳнат миграцияси ва урбанизация оилавий муносабатларга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шундай шароитда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, масъулиятли ота-оналикни шакллантириш, оилавий қадриятларни асраш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай янги ёндашув ва механизмлар жорий этилмоқда? Хусусан, “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси, рақамли платформалар ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракатининг ўрни қандай?
– Сўнгги йилларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизими ҳам янги мазмун билан бойитилди. Никоҳга кирувчи ёшларни оила психологияси, репродуктив саломатлик, ҳуқуқий муносабатлар, оила бюджети ва масъулиятли ота-оналик бўйича ўқитиш қамровининг 2022 йилга нисбатан қарийб 97 фоизга ошгани бу борадаги ишлар кўламини кўрсатади.
Ёш оилаларда миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор муҳитни шакллантиришга қаратилган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси ҳам бугунги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмига айланди. Лойиҳа доирасида 2025 йил 10 июлдан 22 августга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳрида ўтказилган семинар-тренингларда 964 нафар масъул ходим иштирок этди. Ҳудудларда тайёрланган 3341 та тарғибот гуруҳи томонидан маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида 6918 та тадбир ўтказилиб, уларга 127 776 нафар иштирокчи жалб қилинди. Лойиҳа доирасида 60 минг нусхада 6 номдаги услубий қўлланмалар, веб-сайт, мобиль илова ва 126 та медиа-тарғибот материаллари тайёрланиб, республика бўйлаб вазирлик, идора ва маҳаллаларга етказилди.
Бугун оила сиёсатида рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. “Yoshoila.uz”, “Бахтиёр оила”, “Масъулиятли ота-оналик” каби электрон платформалар орқали фуқаролар оилавий муносабатлар, психология, ҳуқуқий маслаҳат ва тарбия масалаларига оид зарур маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Мамлакатимизда оилавий қадриятларни асраш ва соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда жамоатчилик институтларининг иштироки ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, “Оқила аёллар” ҳаракати бу борада самарали ижтимоий механизмлардан бирига айланди. Бугун мазкур ҳаракат сафида қарийб 200 минг нафар фаол ва ташаббускор аёллар жамланган бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 250 мингга яқин боланинг нотўлиқ оилада улғайишининг олди олинган.
– Оила институтини мустаҳкамлашда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий низоларни барвақт ҳал этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти бу йўналишларда қандай илмий ва амалий ишлар олиб бормоқда? Ўтказилган тадқиқотларда оилаларнинг бахтлилик ва қониқиш даражаси қандай баҳоланган ва келгусида оила институтини янада мустаҳкамлаш учун қандай вазифалар устувор бўлади?

– Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенгликни илгари суриш масалалари ҳам давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг халқаро индекс ва рейтинглардаги ўрни яхшиланиб бораётгани ҳам амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг натижасидир.
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари мазкур йўналишда илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни тегишли вазирлик ҳамда идораларга киритиш бўйича қатор тадқиқотларни амалга оширмоқда. 2026 йилда БМТнинг гендер кўрсаткичлари минимал тўплами — 52 та миқдорий ва 11 та сифат индикатори асосида Ўзбекистоннинг гендер профилини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикасининг “2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси” ижросини SMART методологиясига асосланган кўрсаткичлар тизими орқали комплекс баҳолаш ҳам мазкур йўналишдаги илмий-амалий ишларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Айни пайтда мамлакатимизда оила институтини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш механизмлари ҳам такомиллаштирилмоқда. Оилавий-маиший зўравонликка қарши курашиш, жабрланганларни ҳимоялаш ва профилактика ишларини кучайтириш бўйича янги ҳуқуқий механизмлар жорий қилинди. “Оила судьялари” тизими ва судгача медиация институти эса оилавий низоларни имкон қадар эрта ҳал этиш, тарафларни яраштириш ва оилавий муносабатларни сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
Олиб борилаётган ишлар натижасини аҳолининг оилавий ҳаётдан қониқиш даражасида ҳам кўриш мумкин. Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан 12 697 нафар респондент иштирокида ўтказилган социологик тадқиқот натижаларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон оилаларининг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллни ташкил этди ва мазкур кўрсаткич “юқори” даража сифатида баҳоланди.
Хусусан, оилавий ҳаётдан қониқиш ва бахтлиликни ҳис қилиш индикатори 2023 йилдаги 0,667 баллдан 2026 йилда 0,750 баллгача ошган. Оилавий қадриятларнинг аҳамияти бўйича кўрсаткич эса 0,793 баллни ташкил этган. Бу натижалар жамиятимизда оила муқаддаслиги, ўзаро ҳурмат, ишонч ва масъулият каби қадриятлар ўз аҳамиятини сақлаб қолаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллик тараққиёт йўли шуни кўрсатдики, оила фаровонлиги мамлакат фаровонлигидан ажралмас тушунчадир. Давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти, инсон капиталининг ривожланиши, маънавий муҳит ва авлодлар келажаги, энг аввало, оилада шаклланади.
Шу маънода Янги Ўзбекистонда оилага фақат жамиятнинг бир бўғини сифатида эмас, балки миллий тараққиётнинг муҳим институти сифатида қаралмоқда. Оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий ва маънавий барқарорлигини таъминлаш, ёшларни мустақил ва масъулиятли оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар янги босқичда изчил давом этмоқда.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.