Корейс тили ва технологияни билган кадрларга талаб ортмоқда
Бугун бирор тилни билиш фақат мулоқот воситаси эмас, балки янги касб ва янги иш ўринларига йўл очадиган кўникмага ҳам айланмоқда.
Айниқса, халқаро компаниялар хизматларини бошқа давлатларга аутсорсинг қилаётган бир пайтда хорижий тилни биладиган, замонавий технологиялардан фойдалана оладиган мутахассисларга талаб ортиб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Жанубий Кореянинг “KS JOB INC.” компанияси билан “BPO” лойиҳалари учун мутахассислар тайёрлашга қаратилган ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Кореяда Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов ва “IT Park Uzbekistan” ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов “KS JOB INC.” бош директори Дэгун Хур билан учрашди.
Мулоқотда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш, корейс тилини биладиган мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, сунъий интеллектга асосланган контакт-марказлар — “AICC” ва бизнес-жараёнларни аутсорсинг қилиш — “BPO” йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Компания маълум қилишича, сентябрь ойида Тошкентда BPO соҳасида ишлаш учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган корейс тилини ўқитиш маркази иш бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистонда тайёрланган, корейс тилини биладиган кадрларни Корея Республикаси мижозлари учун “AICC ва BPO” лойиҳаларига жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Учрашув якунида мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи Англашув меморандуми имзоланди.
Шунингдек, “KS JOB INC.”нинг Ўзбекистондаги фаолиятини янада ривожлантириш учун “Zero Risk” дастуридан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Аутсорсинг соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Бу ҳамкорликнинг яна бир жиҳати — маҳаллий кадрлар учун янги иш имкониятларининг пайдо бўлиши. Корейс тили ва замонавий касбий кўникмаларга эга мутахассислар нафақат маҳаллий, балки халқаро “BPO” лойиҳаларида ҳам ишлаш имкониятига эга бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА